Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Марказий аппаратларда коррупцияга қарши курашиш бўйича бўлинма ташкил этилиши мажбурий ҳисобланади

  • 26.01.2023
  • 298 марта ўқилди

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–14-сон, 25.01.2023 й.) қабул қилинди

Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони (56 573 нафар);
  • Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ягона рўйхати (жами 69 та, шундан  вазирликлар – 21 та, қўмиталар – 12 та, агентликлар – 25 та, инспекциялар – 11 та).

Вазирлик ва идоралар тизимида жами 17 447 та штат бирликлари қисқартирилиб, уларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан қўшимча бошқарув штат бирликларини киритиш қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, Республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда таркибий бўлинмаларни шакллантириш ҳамда лавозимларни жорий этишга оид ягона талаблар тасдиқланди.

Жумладан, раҳбар ходимлар ва ижрочилар нисбати марказий аппарат бўйича камида 1/3 нисбатда бўлиши лозим

Вазирларнинг фаолиятини стратегик вазифаларни ҳал этишга йўналтириш мақсадида улар фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлил, назорат ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Вазир котибияти ташкил қилиниши мумкин.

Марказий аппаратларда қуйидаги таркибий бўлинмалар (лавозимлар) ташкил этилиши мажбурий ҳисобланади:

  • стратегик режалаштириш ва методология;
  • жамоатчилик билан алоқалар (ахборот хизматлари);
  • инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш;
  • ахборот таҳлил ва ижро интизоми;
  • мурожаатлар;
  • ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш;
  • юридик таъминлаш;
  • коррупцияга қарши курашиш;
  • молия-иқтисод;
  • халқаро ҳамкорлик ва рейтинглар;
  • биринчи бўлим. 

Фармонга кўра шунингдек, вазирлик ва идора фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкиллаштиришни назарда тутувчи Президент ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилади. 

Chat