Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги ва давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қўшма баёноти

  • 26.01.2023
  • 642 марта ўқилди

Тиббиёт соҳасида коррупциявий омилларни келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш тизимини коррупция иллатидан холи қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган чораларни амалга ошириш мақсадида, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамдат Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан қуйидагиларни амалга оширишга келишиб олинди:

1.  Соҳада коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда жамоатчиликка ва ОАВ вакилларига тақдим этиб бориш ва муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш;

2.  Тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилиш жараёнидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва ходимларни ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш;

3.  Тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилиш юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича электрон платформани ишга тушириш;

4.  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида тизимдаги барча муассасалар кесимида бўш иш ўринлари ҳақида маълумотларни акс эттириб бориш ва доимий янгилаб бориш;

5.  Тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш:

Бунда, тиббиёт ходимлари малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш.

6.  Тиббиёт муассасалари раҳбарлари, кадрлар хизмати ҳамда бош ҳисобчиларни   касбий одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашнинг бошқа йўналишлари бўйича   ўқув курсларида доимий ва тизимли равишда  ўқитиш  тартибини жорий этиш; 

7.  Тиббиёт муассасалари кесимида беморлар даволаниши учун мўлжалланган жами ўрин (жой) сони, шу жумладан улардаги банд қилинган ва бўш турган ўрин (жой) ҳақида онлайн маълумот берувчи электрон платформани ишга тушириш;

8.  Бепул тиббий хизмат олиш ҳуқуқини берувчи ордерларни тақсимлаш жараёнининг очиқ ва шаффофлигини  таъминлаш борасида тартиб ишлаб чиқиш, унда электрон ордер тизимини масофавий мониторинг қилиш орқали коррупцион омилларга чек қўйиб, навбатсиз ордер олиш имкониятини бартараф этиш;

9.  Хизматлар кўрсатиш технологияси, зарур кадр ресурслари, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сарфланишини назарда тутадиган соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббий хизматларнинг ягона реестрини яратиш ва мунтазам равишда жамоатчиликни хабардор қилиб бориш;

10. Соҳада замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича бошланган ишларни тўлиқ қайта инвентаризациядан ўтказиш, барча тиббиёт муассасалари фаолиятини ўзига қамраб олувчи ягона электрон базани ишга тушириш ва ажратиладиган маблағларнинг сарфланиши устидан қатъий жамоатчилик назорати механизмларини жорий этиш;

11.  Масофадан туриб шифокор қабулига ёзилиш имконини берувчи  “Электрон поликлиника” (reg.ssv.uz.) ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириш;

12.Тизимда коррупция хавфи юқори бўлган соҳа ва йўналишларда давлат хизматлари марказларига ўтказиш мумкин бўлган тартиб ва хизматларни электронлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга жорий этиш;

13.Ҳар бир тиббиёт муассасаси, оилавий поликлиника ва шифохонанинг кириш жойларида ва вазирликнинг расмий веб-сайтида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини жойлаштириш ишларини ташкил этиш ва жамоатчиликни хабардор қилиб бориш.

14. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш;

15.Тиббиёт муассасаларидаги тиббий ускуна ва жиҳозлар талон-тарож қилинишининг олдини олишга қаратилган реал вақт режимида ишлайдиган электрон платформани ишга тушириш;

16. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси олиш бўйича тақдим этиладиган ҳужжатлари давлат хизматлари марказлари орқали фақат электрон шаклда қабул қилиш ва аттестация жараёнларини онлайн  тест орқали ўтказиш тартибини жорий этиш;

 17. Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий тузилмаларида алоҳида штат бириклари асосида коррупцияга қарши ички назорaт тузилмаси (“комплаенс-назорат”) фаолиятини самарали ташкил этиш чораларини кўриш.

Мазкур вазифалар ижроси Агентлик ва Вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари томонидан мунтазам равишда муҳокама қилиб борилади ҳамда бу борада амалга оширилган ишлар ҳар чоракда брифинг ёки матбуот анжумани шаклида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликка етказиб борилади.

Chat