“Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–43-сон, 03.02.2023 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, тадбиркорларнинг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлгача фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Тадбиркорлар томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган давлат активлари бўйича 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида тўланиши лозим бўлган тўловлар, шу жумладан дастлабки тўлов тўланмаганлиги учун фоизлар ва пенялар ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелгача тўхтатиб турилади.
Қарорга кўра, тадбиркорларга ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида носоз ҳолга келган асосий воситаларни таъмирлаш учун ажратилган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), лекин умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади.