Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби белгиланди

  • 02.07.2021
  • 1161 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (411-сон, 01.07.2021 й.).

Низомга кўра, муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тегишли воситаларни сотиб олиш имкониятини тақдим этувчи сертификат орқали амалга оширилади.

Сертификат муҳтож шахсларга туман (шаҳар) тиббиёт-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари томонидан берилади.

Агар ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг техник воситаси ёки хизматлар ўз ҳисобидан қопланган бўлса, унга воситанинг ёки хизматнинг қиймати миқдорида компенсация тўланади.  

Муҳтож шахсларга протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари тегишли тиббий хулоса асосида берилади. Бунда тиббий хулосалар уларнинг доимий яшаш жойи бўйича:

  • пенсия ёшидаги муҳтож шахсларга – Тиббий-маслаҳат комиссияси томонидан;
  • 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларга – Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан;
  • 18 ёш ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларга – Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан берилади.

Шунга кўра, ҳар кейинги йил учун ҳар йили 15 декабргача протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтож шахслар рўйхати шакллантирилади. 

Биринчи марта мурожаат қилган муҳтож шахсларга сертификат расмийлаштириш муддати мурожаат қилинган кундан бошлаб 30 иш кунидан ошмаслиги лозим. 

  • Муҳтож шахс сертификат асосида ўзи танлаган ташкилотга мурожаат қилади. 
  • Сертификатнинг амал қилиш муддати расмийлаштирилган йил учун ҳақиқий ҳисобланиб, кейинги йил учун амал қилмайди.
  • Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини тайёрлаш ва етказиб беришнинг сўнгги санаси ҳар йилнинг 20 декабридан кечикмаслиги лозим. 

Шунингдек қарорга кўра, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари ўртача нархлари кейинги йил учун ҳар йили 5 декабргача шакллантирилади ҳамда 15 декабргача тасдиқланади. 
 

Chat