Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Президент фармони билан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди

  • 01.03.2023
  • 2375 марта ўқилди

Давлат дастурига кўра: 

Таълим сифатини ошириш мақсадида:

2023 йил 1 сентябрдан ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан мактабда ўқувчиларни 2 та хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти йўлга қўйилади;

2023/2024 ўқув йилидан:

  • республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланади;
  • давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилади;

2023 йил 1 апрелдан янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;

Аҳолини сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш мақсадида:

  • 2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади;
  • вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади (2024 йил 1 январдан ушбу маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади);
  • 2023 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилади;

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:

  • 2023 йил 1 апрелдан Тошкент ва Нукус шаҳарларида,  вилоятлар ва туманлар марказларида транспортлар ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километргача туширилади;
  • 2023 йил 1 декабрдан транспорт воситаси эгасига транспортни бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳужжатни (ишончнома ва бошқалар) тақдим этган ҳолда, давлат ЙҲХ хизмати органларини транспортни бошқариш ҳуқуқини ўтказганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.

Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан ЙҲХ хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспортда содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 июлдан тадбиркорларга нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий ўрнатилади.

Chat