Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Мадад” ННТга Буюк Британиянинг “Citizens Advice” нодавлат ташкилоти вакиллари ташриф буюрди

  • 14.03.2023
  • 599 марта ўқилди

Жорий йилнинг 14 март куни “Мадад” нодавлат ташкилотига Буюк Британиянинг “Citizens Advice” нодавлат ташкилоти Бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича директори Д.Маршалл бошчилигида делегация ташриф буюрди.


Маълумот учун: “Citizens Advice” (Фуқароларга маслаҳат) – Буюк Британияда ХХ асрнинг ўрталарида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган нодавлат ташкилоти ҳисобланади.

Ташкилотнинг мамлакат бўйлаб 316 та ҳудудий бюролари мавжуд бўлиб, ҳозирда Буюк Британиядаги энг йирик мустақил маслаҳатчи нодавлат ташкилотларидан бирига айланган.

Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирда ҳар 10 нафар британияликнинг 4 нафариCitizens Advice” консультатив хизматларига мурожаат қилиб, ўзлари учун муҳим ҳуқуқий масалалар юзасидан маслаҳатлар ва амалий ёрдам олиб келишаётганлиги аниқланган.

Ташкилотнинг “Citizens Advice” расмий веб сайти Британия жамоатчилиги орасида жуда оммабоп сайт бўлиб, унинг имкониятларидан мамалакат фуқаролари исталган пайтда фойдаланиб, зарур ҳуқуқий маълумот ва ахборотга эга бўлиш билан бирга, малакали мутахассислардан онлайн режимда бепул юридик маслаҳатлар олишлари мумкин.

Ташриф давомида делегация аъзолари “Мадад” ННТ ижрочи директори Т.Турсунов билан учрашиб, ташкилот фаолияти билан яқиндан танишди.

Т.Турсунов, меҳмонларни Ўзбекистонга ташрифи билан самимий қутлаб, 2019 йилда аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва бепул юрдик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Мадад” нодавлат ташкилоти ва унинг ҳудудий бюролари ташкил этилиб, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юрдик ёрдам кўрсатиб келаётганлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда мамлакатимиз аҳолисини ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳатлар олишлари учун қулай имкониятлар яратиш мақсадида “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портал ишга туширилганлиги маълум қилинди.

Хусусан, 2022 йил давомида ушбу порталдан фойдаланувчилар сони 2 млн. 500 минг нафарни ташкил этганлиги ва шундан 87 мингга яқин фуқароларга мутахассислар томонидан онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳатлар берилганлиги қайд этилди.

Учрашувда ташкилотнинг давлат органлари, нодавлат ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги, давлат ижтимоий буюртмаси доирасида амалга оширилган лойиҳалар, мурожаатлар билан ишлашнинг шакли ва тартиб-таомиллари, келгусида ташкилот фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари, халқаро грант маблағларини жалб этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув давомида қуйидаги ўзаро манфаатли масалалар:

  • фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида ходимлар касб маҳоратини ошириш ва кўникмасини шакллантириш;
  • ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш орқали амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ҳамда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш соҳасига инновацион усуллар, шунингдек, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини татбиқ этиш мақсадида халқаро амалиётни ўрганиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Ташриф доирасида “Citizens Advice” нодавлат ташкилоти делегацияси аъзолари “Мадад” ННТнинг Тошкент шаҳар Чилонзор ва Яшнобод туман ҳуқуқий маслаҳат бюроларига бевосита ташриф буюриб, уларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.

Chat