Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Педагоглар фаолиятига ноқонуний аралашган мансабдор шахслар маъмурий қамоққа олиниши мумкин

  • 28.03.2023
  • 344 марта ўқилди

Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Президент томонидан имзоланган Қонунга (ЎРҚ–826, 27.03.2023 й.) асосан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қўшимча ва ўзгартишлар киритилди

Жиноят кодексига киритилган кўшимчага кўра:

Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш таълим ташкилоти педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:

  • БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (45 млн сўмдан 60 млн сўмгача) миқдорда жарима; 
  • 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш; 
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари. 

Илгари бундай норма мавжуд эмас эди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (15 млн сўмдан 30 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Эндиликда мазкур Кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчага кўра, худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилоти педагог ходимига нисбатан содир этилса, БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (30 млн сўмдан 45 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Илгари бундай норма мавжуд эмас эди.

Шунингдек, педагог ходимнинг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш:

  • фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (илгари 5 баравардан 7 бараваргача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача (илгари 7 баравардан 10 бараваргача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилса:

  • фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (илгари 7 баравардан 10 бараваргача), мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача (илгари 10 баравардан 15 бараваргача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга (илгари ушбу жазо чораси қўлланилмаган) сабаб бўлади.
Chat