Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27280 марта ўқилди

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқарувчи (фермер хўжалиги) учун қўшимча барқарор даромад манбаи яратилади. Маҳсулотни қайта ишлаш орқали унга қўшимча қиймат қўшилади, яъни маҳсулотнинг қиймати ортиб боради.
Маҳсулотни қайта ишлаш даражаси турлича, яъни дастлабки қайта ишлаш ёки чуқур қайта ишлаш бўлиши мумкин. Дастлабки қайта ишлашга қуритиш каби оддий амалиётлар кирса, чуқур қайта ишлаш маҳсулотга бир неча босқичларда ишлов бериш, яъни консервация қилиш, шарбат олиш, қадоқлаш каби амалиётларни ўз ичига олади.
Қайта ишлашни йўлга қўйишни режалаштирган хўжалик ёки тадбиркорлар, аввало, ўз атрофида хомашё базасининг етарли бўлишига ва мавжуд хомашё ҳажмидан келиб чиққан ҳолда харид қилиб, ўрнатиладиган қайта ишлаш ускунасининг қувватини тўғри танланишига эътибор қаратишлари лозим бўлади.
Яна бир асосий жиҳат ишлаб чиқарилган маҳсулот учун бозор масаласидир. Яъни, ишлаб чиқарилган маҳсулот ташқи бозорда сотиладими (экспорт), ички бозорда сотиладими, буни аниқ режалаштириш керак.
Агар ишлаб чиқариладиган маҳсулот экспорт қилинадиган бўлса, сотиб олувчи давлатнинг стандарт талабларига тўлиқ жавоб бериши, шунингдек, маҳсулот ҳам нарх жиҳатдан, ҳам сифат жиҳатдан рақобатбардош бўлиши лозим. Бу омиллар ички бозорга маҳсулот сотишда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Акс ҳолда қайта ишловчи фақат омбор учун маҳсулот ишлаб чиқаради ва кутган натижасига эришмайди.

Chat