Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16500 марта ўқилди

Асосий тушунча
  • чакана савдо - аҳолига тижорат мақсадида фойдаланиш ҳуқуқисиз нақд пулга доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорда сотиш фаолиятини амалга ошириш;
  • савдо объекти - мулкчилик шаклидан, сотув ҳажмидан, иншоотнинг ўлчами ва ҳоказолардан қатъи назар, товар ва хизматларни сотишга мўлжалланган (мослаштирилган) жой ёки иншоот;
  • савдо зали - товар оммавий офертасига ва/ёки товар чакана олди-сотди шартномасини амалга оширишга мўлжалланган савдо объекти майдони;
  • сотувчи -  савдо фаолиятини амалга оширувчи ва олди-сотди шартномасининг бир томони сифатида иш кўрувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор (жисмоний шахс);
  • сотувчи-ходим - сотувчи номидан иш кўрувчи ва товарни бевосита сотувчи ёки истеъмолчига хизмат кўрсатувчи шахс.

Чакана савдо объектлари:
  • бозор;
  • гипермаркет;
  • супермаркет;
  • савдо маркази;
  • савдо комплекси;
  • универсам;
  • универмаг;
  • минимаркет;
  • озиқ-овқат дўкони;
  • ихтисослаштирилган дўкон;
  • палаткалар;
  • лотоклар;
  • автодўконлар;
  • павильонлар;
  • киоскалар;
  • ларёклар.

Озиқ-овқат маҳсулотида кўрсатиладиган маълумотлар:
  • озиқ-овқат маҳсулоти таркибига кирадиган ингрединт номи, солинадиган қўшимча масаллиқлар;
  • озиқлик қиймати (калориялилиги, оқсил, ёғ, углевод, витамин, микроэлементлар мавжудлиги), оғирлиги ва метрик бирликлардаги ҳажми тўғрисидаги маълумот;
  • қўлланиладиган соҳаси (болалар, даволаш-профилактика, озиқ-овқат маҳсулоти ва парҳез таомлар ва бошқалар учун);
  • тайёрлаш усули ва шарти (концентрат ва ярим тайёр маҳсулотлар учун) ва қўлланилиши (болалар, даволаш-профилактика маҳсулотлари ва парҳез таомлар учун);
  • мувофиқлик сертификати ёки маҳсулотнинг тайёрловчи корхоналарда сертификация қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
  • сақлаш шартлари;
  • тайёрланган санаси;
  • касалликларнинг айрим турларида истеъмол қилиш ножоизлиги;
  • тамаки маҳсулоти қутиси (ўрами) олд томони асосий майдонининг камида қирқ фоизини ва орқа томонидаги асосий майдоннинг камида 40% эгаллайдиган, шунингдек алкоголли маҳсулот идиши этикеткаси асосий майдонининг камида 40% эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Озиқ-овқатларни тортиб (ўлчаб) сотиш тартиби

Озиқ-овқат товарларини витринада қуёш нури ва ёғингарчиликнинг тўғридан-тўғри таъсирига учрайдиган ҳолатда, товарни ёнма-ён сақлаш тартиби бузилган ҳолда сақлашга ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

Тортиб сотиладиган товарни сотишда темир-терсак, чиқиндилар, увоқлар стандартларда белгиланган йўл қўйиладиган нормалардан ортиқ бўлмаслиги керак.

Товарларни қадоқлаб сотиш

Яроқлилик муддати қисқа бўлган товарларни қадоқлаш ҳажми савдонинг бир кунида сотиладиган ҳажмидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Қадоқланган товар ўрамига этикетка ёпиштирилади, унда номи, тайёрловчи корхона ёки тайёрловчи мамлакат номи, бир бирлиги баҳоси, тайёрланган санаси, яроқлилик муддати, қадоқланган санаси, қадоқловчи тартиб рақами ёки фамилияси кўрсатилади.

Оғирлиги ўрамда кўрсатилган, тайёрловчи томонидан қадоқланган ва ўраб-жойланган озиқ-овқат товарларини сотишда улар қўшимча равишда тарозида тортилмайди.

Товарни бепул ўраш

Тортиб сотиладиган озиқ-овқат товарлари харидорга ўралганлиги учун қўшимча ҳақ ундирилмайди.

Ўрашда давлат стандартининг мажбурий талабларига мувофиқ ва рухсат берилган материаллардан фойдаланилади.

Тортиб сотиладиган озиқ-овқат товар нархи нетто оғирлиги бўйича белгиланади.

Гўшт-сут ва бошқа маҳсулотларни сотиш

Харидорнинг илтимосига кўра сотувчи-ходим гастрономия товарини кесилган ҳолда сотиши мумкин.

Гўшт-сут, балиқ, қандолат маҳсулоти (бисквит торт, пирожноелар ва бошқалар), ярим тайёр маҳсулот, тайёр масаллиқлар ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотлари фақат совутиладиган пештахталар, витриналар бўлганда сотишга рухсат берилади.

Қўшимча озиқ-овқат товарлари сотиш

Озиқ-овқатга қўшиладиган 10% ортиқ концентрацияли сирка кислотасини чакана савдода сотишга йўл қўйилмайди.

Озиқ-овқат товарлари чаканалаб сотиладиган жойларда қўшимча озиқ-овқат товарлари сотилиши ва умумий овқатланиш хизматлари кўрсатилиши мумкин.

Қўшимча товарлар билан савдо қилиш ва умумий овқатланиш хизматлари кўрсатиш техник регламентлар ва стандартларнинг мажбурий талаблари билан белгиланган озиқ-овқат товарлари сифати ёмонлашишига ва хавфсизлигига ҳамда уларни сотиш шароитлари ёмонлашишига олиб келмаслиги керак.

Сотиб олиш

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган жисмоний шахслардан озиқ-овқат товарларини қабул қилиб олиш (қишлоқ хўжалиги маҳсулотидан ташқари) тақиқланади.

Нон маҳсулотларини сотиш

Нон маҳсулотлари сотиладиган савдо корхонаси иш соатларида рўйхатдаги нон ва нон-булка маҳсулотлари бўлиши лозим.

Ихтисослаштирилган нон дўконининг савдо залида ёки нон маҳсулоти савдоси бўлимида кўринарли жойга маҳсулот тайёрловчи, олиб келиш жадваллари, нон маҳсулотларини сотиш муддатлари, парҳезбоп нон маҳсулотлари ва янги турдаги маҳсулот хусусиятлари тўғрисидаги маълумот бўлиши лозим.

Нон сотиш ва сақлаш учун мўлжалланган жой қуруқ ва шамоллатиб туриладиган бўлиши керак.

Нон маҳсулоти савдо объектларида махсус анжомлар (вилкалар, пичоқлар, ажратувчи тахталар, стеллажлар, полкаларни нон ушоқларидан тозалаш учун чўтка ва бошқалар) билан жиҳозланган бўлиши керак, нон маҳсулотларини электрон тижорат шаклида сотиш ҳолатлари бундан мустасно.

Савдо объектида дезинфекцияловчи воситалар бўлиши шарт.

Нон маҳсулотларини қабул қилиш ва ташиш

Нон маҳсулотларини қабул қилишда сотувчи маҳсулот сифатини органолептик кўрсаткичлар бўйича, ҳар бир маҳсулот вазнининг маҳсулот аниқ тури учун амалда бўлган норматив ҳужжатларга мувофиқлигини текшириши лозим.

Бузилишлар аниқланганда маҳсулот тайёрловчига қайтаради.

Етказиб берувчининг илова ҳужжатида ушбу товарлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар бўлиши лозим.

Нон маҳсулотлари фақат уларни ташишга мўлжалланган ихтисослаштирилган автомашиналарда ташилади.

Нон маҳсулотлари билан бирга қандолат маҳсулотларини сотиш

Ихтисослаштирилган, фирма нон-қандолат дўконида ва бошқа дўконнинг нон бўлимида нон маҳсулотлари ва қандолатчилик маҳсулотларидан ташқари:

  • шакар;
  • чой;
  • кофе;
  • какао;
  • ун;
  • ёрма;
  • макарон маҳсулотлари;
  • болалар овқати учун қуруқ маҳсулотлар;
  • озиқ-овқат концентратлари сотилиши мумкин.

Кафетерийга эга бўлган дўконларда иссиқ ичимликлар (чой, кофе, какао, сут) шу жумладан ўзлари ишлаб чиқарган хамир ва қандолатчилик маҳсулотлари сотилиши мумкин.

Нон маҳсулотларини бўлаклаб сотиш

Харидорлар хоҳишига кўра оғирлиги 0,4 кг ва ундан ортиқ бўлган нон маҳсулотлари (ўралганларидан ташқари) 2-4 та тенг бўлакларга кесилиши ва тарозида тортилмасдан сотилиши мумкин.

Сифатсиз нон маҳсулотларини сотиш оқибатлари

Амалдаги техник регламентлар ёки стандартлар талабларига мувофиқ бўлмаган ва нотўғри сақлаш туфайли бузилган нон маҳсулотларини сотиш тақиқланади.

Нон маҳсулотлари савдо объектларида нотўғри сақланганлиги туфайли бузилганлиги учун савдо объектлари жавоб беради.

Харидорларга нон маҳсулотлари, махсус анжом қўлланилмаганда, махсус қўлқоплар (полиэтилен қўлқоплар ёки бошқа қўлқоплар) воситасида берилиши мумкин.

Сифатсиз (ғарч-ғурч қилган, куйган, ичи бўш, яхши қорилмаган, бошқа нарсалар аралашган) нон маҳсулотлари сотилганда сотувчи-ходимлар харидор талабига кўра сифатлисига сўзсиз алмаштириб беришлари ёки пулини қайтаришлари керак.

Харидорлар қайтариб берган нон маҳсулотлари санитария жиҳатидан яроқсиз ҳисобланади.

Нон маҳсулотлари зарур сифатсиз бўлмаганда сотиш муддатлари доирасида алмаштирилади.

Нон маҳсулотлари зарарланиши ва улари йўқ қилиш

Нон маҳсулотларини сақлаш ва сотиш жараёнида уларда картошка касаллиги белгилари аниқланганда сотувчи бу ҳақда маҳсулот етказиб берувчига дарҳол хабар бериши керак.

Зарарланган маҳсулотлар сотувдан чиқарилади ва йўқ қилинади. Нон маҳсулотларида картошка касаллиги мавжудлиги ва уларнинг йўқ қилинганлиги ҳақидаги далолатнома тузилади.

Картошка касаллиги мавжуд бўлган маҳсулот сақланган токчалар, шкафлар, лотоклар, идишлар картошка касаллигининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибда зарарсизлантирилади.

Chat