Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8705 марта ўқилди

Суд экспертизаси — фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишларини юритишда иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган ҳамда суд эксперти томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимлар асосида суд-эксперт текширишларини ўтказиш ва хулоса беришдан иборат бўлган процессуал ҳаракат.


Суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши
  1. Суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунларида назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
  2. Шахснинг эркинлигини вақтинча чеклашни ёки унинг шахсий дахлсизлиги бузилишини талаб этувчи суд-эксперт текширишлари (бундан буён матнда текширишлар деб юритилади) фақат қонунда белгиланган асослар ва тартибда ўтказилади.
  3. Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот (бундан буён матнда бошқа ташкилот деб юритилади) томонидан суд экспертизаси ўтказилиши муносабати билан қабул қилинган қарорлар, суд экспертининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ўз ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланишига олиб келди деб ҳисоблаган шахс мазкур қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

  • Суд экспертининг мустақиллиги:
  1. Суд эксперти суд экспертизасини ўтказишда суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан), тарафлардан ва ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахслардан мустақилдир.
  2. Суд эксперти ўзининг фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимларига (бундан буён матнда махсус билимлар деб юритилади) мувофиқ ўтказилган текширишлар натижаларига асосланиб хулоса беради.
  3. Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс), шунингдек бошқа давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тарафлардан бирортасининг ёки ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахсларнинг фойдасини кўзлаб хулоса олиш мақсадида суд экспертига таъсир кўрсатилишига йўл қўйилмайди.


Текшириш объектлари
  • Ашёвий далиллар, текшириш учун намуналар, бошқа моддий объектлар, мурдалар ва уларнинг қисмлари, ҳужжатлар, шунингдек суд экспертизаси ўтказилаётган иш материаллари текшириш объектлари бўлиши мумкин. Текширишлар тирик одамга нисбатан ҳам ўтказилади.
  • Текширишни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган тирик одам, мурда, ҳайвон, ўсимлик, буюм, материал ёки модданинг хусусиятларини акс эттирувчи объектлар текшириш учун намуналардир.
  • Суд экспертизасини ўтказишда текшириш объектлари (тирик одамдан ташқари) текширишни ўтказиш учун қай даражада зарур бўлса, шу даражада шикастланиши ёки ишлатилиши мумкин. Бунда текшириш объектининг қисман шикастланиши ёки ишлатилишига суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма рухсати олиниши зарур, тайинланган суд экспертизасининг ўзига хос хусусиятлари объектнинг шикастланишини (бузилишини) ёки ишлатилишини тақозо этувчи ҳоллар бундан мустасно.
  • Текшириш объектларининг суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) ёзма рухсати билан ёхуд тайинланган суд экспертизасининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда шикастланганлиги ёки ишлатилганлиги давлат суд-экспертиза муассасаси, бошқа ташкилот ёки суд эксперти томонидан мазкур объектларнинг мулкдорига зарарнинг ўрни қоплаб берилишига сабаб бўлмайди.
  • Текшириш объектлари, агар уларнинг ўлчамлари ва хоссалари имкон берса, ўралган ва муҳрланган ҳолда суд экспертига топширилиши керак.
  • Текшириш объектини суд экспертининг иш жойига етказиб беришнинг иложи бўлмаганда, суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) унга мазкур объектни монеликсиз кириб кўришни ва уни текшириш имкониятини таъминлайди.
  • Суд экспертизаси тугалланганидан кейин текшириш объектлари, агар улар тўла ишлатилган бўлмаса, суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) қайтарилади.

Суд экспертининг ҳуқуқлари

Суд эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  1. қонунчиликда белгиланган тартибда суд экспертизаси предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш;
  2. суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш;
  3. тергов ҳаракатлари ўтказилаётганда суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг рухсати билан ҳозир бўлиш ва шу тергов ҳаракатларида иштирок этувчи шахсларга суд экспертизаси предметига оид саволлар бериш;
  4. суд муҳокамасида суд экспертизаси предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ва сўроқ қилинаётган шахсларга суднинг рухсати билан саволлар бериш;
  5. ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш;
  6. ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки суд экспертизаси предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш;
  7. унинг хулосаси ёки кўрсатувлари процесс иштирокчилари томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида тергов ҳаракати ёки суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш;
  8. агар у иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш;
  9. агар унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишни юритаётган органнинг қарорлари, шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш.
  • Суд эксперти қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суд экспертининг мажбуриятлари

Суд эксперти:

  1. суд эксперти сифатида ўзини ўзи рад этиши учун қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) ёки давлат суд-экспертиза муассасасининг ёхуд бошқа ташкилотнинг раҳбарига дарҳол маълум қилиши;
  2. ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона хулоса бериши;
  3. суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг чақирувига биноан суриштирувда, дастлабки терговда ёки суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун келиши;
  4. ўзи ўтказган суд экспертизаси хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши;
  5. суд экспертизасини ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги;
  6. тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши;
  7. иш тергов қилинаётганда ва суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.
  • Суд эксперти зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Суд эксперти:

  1. суд экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ бўлган, ишнинг натижасидан ўзининг манфаатдор эмаслигини шубҳа остига қўядиган масалалар юзасидан процесс иштирокчилари билан шахсий алоқага киришишга;
  2. суд экспертизасини ўтказиш учун мустақил равишда материаллар тўплашга;
  3. суд экспертизаси натижаларини суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) ташқари бирон-бир шахсга хабар қилишга ҳақли эмас.

Давлат суд эксперти, шунингдек:

  1. агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбаридан ташқари бевосита бошқа бирон-бир органдан (шахсдан) суд экспертизасини ўтказиш тўғрисида топшириқлар қабул қилишга;
  2. бошқа ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс сифатида суд экспертизасини ўтказишга ҳақли эмас.

Суд экспертизасини ўтказиш асослари ва муддатлари
  • Терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими суд экспертизасини ўтказиш асосларидир. Суд экспертизаси тегишли қарор ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан тайинланган ҳисобланади.
  • Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) текширишларни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган текшириш объектлари ҳамда иш материалларини тақдим этади.
  • Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) текшириш учун намуналар олади ва уларни процессуал қонунда белгиланган тартибда ишга қўшиб қўяди. Зарур ҳолларда, бундай намуналарни олиш суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд эксперти ёки мутахассис иштирокида амалга оширилади.
  • Агар текшириш учун намуналар олиш текширишларнинг бир қисми ҳисобланса ва суд экспертизасига тақдим этилган текшириш объектларидан фойдаланилган ҳолда суд эксперти томонидан амалга оширилса, суд экспертизаси тугалланганидан кейин мазкур намуналар уни тайинлаган органга (шахсга) юборилади ёхуд қонунчиликда белгиланган тартибда давлат суд-экспертиза муассасасида, агар суд экспертизаси ушбу муассасада ўтказилган бўлса, сақланади.
  • Суд экспертизаси қонунчиликда белгиланган муддатларда ўтказилади.

Қўшимча ва қайта суд экспертизалари
  • Қўшимча суд экспертизаси хулосадаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) томонидан ўтказилади.
  • Хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта суд экспертизаси тайинланади.
  • Қайта суд экспертизаси тайинланганда суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.
  • Қайта суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.
  • Қайта суд экспертизасини ўтказиш бошқа суд экспертига (суд экспертлари комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) суд экспертизасини ўтказган суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) қайта суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.

Хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжат
Агар суд эксперти қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборади.

Chat