Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6971 марта ўқилди

Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

Вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудларида фаолият олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини белгиланган тартибда аккредитация қилишни амалга оширади.

ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
  • мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар-органи аъзолари ҳар бирининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, яшаш жойи ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда улар томонидан имзоланган ариза;
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг устави ёхуд юридик шахс бўлган ваколатхона ёки филиал тўғрисидаги низом давлат тилида икки нусхада;
  • таъсис шартномаси — нодавлат нотижорат ташкилотларининг уюшмалари (иттифоқлари) учун;
  • нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилишнинг баённомаси ёхуд таъсисчининг қарори (республика ва вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари учун тегишли ваколатхоналар ва филиалларни ташкил этиш, раҳбар органларни ҳамда бошқа органларни шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади);
  • жойлашган ери нодавлат нотижорат ташкилотининг почта манзили сифатида фойдаланилиши мўлжалланаётган кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
  • нодавлат нотижорат ташкилотини тузиш ташаббускорлари ёхуд унинг таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар;
  • ташаббускор фуқароларнинг рўйхати;
  • бош нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси — ваколатхоналар ва филиаллар учун;
  • дастлабки маблағлар шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат — жамоат фондлари учун;
  • васиятноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси — васиятнома бўйича ташкил этилаётган жамоат фондлари учун;
  • давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

  • Давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилиш ўтказилган кундан эътиборан 2 ой ичида, жамоат бирлашмаси учун эса 1 ой ичида тақдим этилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни қабул қилиб олган адлия органи уларни 1 ойлик муддат ичида кўриб чиқади ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан 3 кун ичида муассисларга давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома ёки қонунчиликнинг қайси қоидалари бузилганлиги давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга олиб келганлиги ҳақида аниқ кўрсатилган ҳужжат беради.

Chat