Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2736 марта ўқилди

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тегишлилиги бўйича уни давлат рўйхатидан ўтказган ёки ҳисобга қўйган адлия органини тадбир ҳақида олдиндан хабардор қилиши лозим.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тегишли адлия органини тадбир ҳақида ёзма ёки электрон шаклда қуйидаги муддатларда хабардор қилиши керак:

  • тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқароларининг иштирокисиз ўтказилиши режалаштирилганда — тадбир ўтказилишидан камида 10 кун олдин;
  • тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари иштирокида ёки хорижий давлат ҳудудида ўтказилиши режалаштирилганда — тадбир ўтказилишидан камида 20 кун олдин.

Хабарнома нодавлат нотижорат ташкилотига раҳбарлик қилаётган шахс томонидан имзоланади. Хабарномани имзолаган шахс ундаги маълумотларнинг тўғрилиги, шунингдек Хабарноманинг ўз вақтида юборилиши учун масъул ҳисобланади.

ННТ қуйидаги тадбирлар ўтказилишидан камида 3 иш куни олдин тегишли адлия органига хат юборади:
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг уставига ёки низомига мувофиқ унинг раҳбар органларининг йиғилишларини ўтказиш режалаштирилганда (нодавлат нотижорат ташкилотининг бош ташкилоти, шу жумладан бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, шунингдек бундай ваколатхоналарнинг бош ташкилоти ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари бошқа шахслар иштирок этмаган ҳолларда);
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг тегишли лицензия ёки рухсатномага эга бўлган ҳолда ушбу фаолият турини амалга ошириш юзасидан тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда;
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларида, шунингдек давлат дастурлари ва миллий режаларда ўтказилиши назарда тутилган тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда;
  • нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари томонидан ажратилган давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси доирасида тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда;
  • Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тасдиқланган ёки улар билан келишилган режаларга мувофиқ ўтказиладиган оммавий жисмоний-тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш режалаштирилганда;
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари талабларига мувофиқ тегишли рухсатномага асосан тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда.

Адлия органига юборилган Хабарномада кўрсатилган маълумотлар уни юборган нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ўзгартирилиши мумкин. Бунда нодавлат нотижорат ташкилоти тадбир ўтказилишидан камида 3 иш куни олдин Хабарноманинг ўзгарган бандларини (кичик бандларини) қайта тўлдиради ва тегишли адлия органига юборади.

Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбирни ўтказмаслик тўғрисида қарор қабул қилганда тегишли адлия органини қўшимча равишда хабардор қилиши лозим.

Chat