Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3688 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 августдаги ПҚ-1608-сон «Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан гимнастика мактабига 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган таълим олувчи ўқувчи-спортчиларнинг умумий контингенти 60 нафарни ташкил этган ҳолда, ўқиш муддати 5 йил бўлиб, ҳар йили 12 нафар иқтидорли ўқувчи-спортчилар қабул қилинади.

Гимнастика мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин спорт турлари бўйича Ўзбекистон Гимнастика федерацияси билан келишилган ҳолда Гимнастика мактаби директори томонидан белгиланадиган квота доирасида амалга оширилади.

Ўқувчи-спортчиларни гимнастика мактабига танлаб олишни ташкил этиш мақсадида ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 2 ой олдин гимнастика мактаби томонидан танлов ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон берилади. Эълонда гимнастика мактабининг манзили, телефон рақамлари, номзодлар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳамда уларни қабул қилиш муддатлари кўрсатилиши лозим.

Ота-оналар ёки уларни ўрнини босувчи шахс томонидан қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
  • ариза;
  • ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида ҳужжатнинг асл нусхаси кўрсатилади);
  • ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели нусхаси (умумий ўрта таълим муассасасининг ўқувчиси бўлмаганлар бундан мустасно);
  • ўқувчининг 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурати;
  • ўқувчининг спорт мусобақаларида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар, агар мавжуд бўлса;
  • ўқувчининг спорт паспорти, агар мавжуд бўлса;
  • 026-У, 063-У ва 086-У шакллар бўйича тиббий маълумотномалар.

Қабул комиссияси томонидан мазкур бандда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Ҳужжатлар ҳар йили 1 августдан 10 августгача (шу куни ҳам) қабул қилинади

Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов ҳар йили 20 — 25 август кунлари гимнастика мактаби биносида ташкил этилади. Бунда, синовлар бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин спорт тури бўйича алоҳида кунларда ўтказилади.

Номзодлар жисмоний тайёргарлик машқларини бажаришда спорт кийимида бўлишлари шарт.

  • Бадиий гимнастика спорт тури бўйича номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синовларни ўтказиш методикаси.
  • Спорт гимнастикаси спорт тури бўйича номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синовларни ўтказиш методикаси.
  • Трамполин спорт тури бўйича номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синовларни ўтказиш методикаси.

Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов натижаларидан норози бўлган номзодлар ёки уларнинг ота-оналари гимнастика мактаби директорининг буйруғи билан тузиладиган апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.


Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб 3 кун давомида апелляция бериши мумкин. Номзод ёки унинг ота-онаси томонидан берилган апелляция Апелляция комиссияси томонидан 3 кун ичида кўриб чиқилиши лозим.

Chat