Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 980 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари уларнинг консуллик округига кирувчи хорижий давлатга келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини вақтинча ва доимий рўйхатга олади.

1. Миграция варақасини олиш

Россия Федерациясига бормоқчи бўлган фуқаролар мамлакат ҳудудига «кириш» масканларида хорижий фуқароларга вақтинчалик бўлиш ҳуқуқини берувчи миграция варақасини олиб, уни тўлдиришлари шарт. Миграция варақалари чегара қўшинлари ходимлари томонидан бепул берилади, рус тилида тўлдирилади, агар фуқаро рус тилини билмаса миграция варақаси (ҳужжатда кўрсатилганидек) лотин ёзувида тўлдирилиши мумкин.

2. Яшаш жойида қайддан ўтишнинг мажбурийлиги

Ёдингизда тутинг, Россия Федерациясида вақтинча яшовчи хорижий фуқаролар, вақтинча яшаш жойига етиб келганларидан сўнг 7 иш куни ичида, Россия Федерал миграция хизмати (ФМХ)нинг худудий идораларига вақтинча яшаш жойига келганликлари ҳақида хабар беришлари шарт.

Россия Федерациясига 7 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган хорижий фуқаролар вақтинча яшаш жойлари бўйича қайддан ўтказилмайдилар.

Қайддан ўтиш ва қайддан чиқариш бўйича барча ҳаракатлар қабул қилувчи тараф зиммасига юкланади.

Бўлиш жойида қайддан ўтиш учун фуқаро қабул қилувчи томонга шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ва миграция варақасини тақдим этиши лозим, қабул қилувчи томон сифатида исталган жисмоний ёки юридик шахс (Россия фуқароси ёки ташкилот) бўлиши мумкин.

Қабул қилувчи тараф, келганлиги тўғрисида хабарнома варақасини тўлдиради ва келган кундан бошлаб уч иш куни ичида тўлдирилган варақани ҳудудий ФМХ идорасига ёки турар жойдаги почта алоқаси бўлимига тақдим этади.

Агар қабул қилувчи тараф узрли сабабларга кўра, қайддан ўтиш ҳақидаги хабарномани тақдим этмаса, ушбу хабарнома бевосита фуқаронининг ўзидан қабул қилиниши мумкин.

Етиб келганлиги тўғрисидаги хабарномани қабул қилган Россия ФМХнинг ҳудудий идораси ёки почта алоқаси бўлими уни тўғри тўлдирилганини текширади ва дарҳол варақанинг қирқиб бериладиган қисмига қабул қилиб олинганлиги тўғрисида тегишли белги қўйиб қайтариб беради. Мазкур белги фуқаронинг яшаш жойи бўйича қайддан ўтиши юзасидан ўз мажбуриятларини бажарганлигини тасдиқлайди.

Фуқаро Россиядан жўнаб кетаётганда, қабул қилувчи тараф томонидан хабарноманинг қирқиб бериладиган қисмини Россия ФМХнинг ҳудудий идорасига топшириши ёки почта орқали жўнатиши лозим.

3. Вақтинчалик яшашга рухсатнома олиш

Вақтинчалик яшашга рухсатнома олиш учун, фуқаро ҳудудий ФМХга мурожаат этиб, қуйидагиларни тақдим этиши лозим:

1) вақтинчалик яшашга рухсатнома бериш тўғрисида ариза
2) шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси); 
3) Россия Федерациясига кирганлиги тўғрисида чегара назорати белгиси қўйилган миграция варақаси ёки Россия ФМХ ҳудудий идораси томонидан берилганлиги тўғрисидаги белги қўйилган миграция варақаси; 
4) вақтинчалик яшашга рухсатнома олиш учун 400 рубль миқдорида давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитанция.

Вақтинчалик яшашга рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб, 30 кун ичида, Россия ФМХнинг ҳудудий идорасига атрофдагилар учун хавф туғдирадиган гиёҳвандлик, орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (СПИД, ВИЧ) ва бошқа юқумли касалликлар йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш зарур.

Бундан ташқари, Россия Федерациясига кирган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида Россия ФМХнинг ҳудудий идорасига солиқ идорасида ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш лозим.

Кўрсатилган ҳужжатлар белгиланган муддатларда тақдим этилмаса, вақтинчалик яшашга рухсатнома берилмаслиги ёки аввал берилган рухсатнома бекор қилиниши мумкин.

Узрли сабабларга кўра ҳужжатларни топшириш муддатлари бузилса, Россия ФМХнинг ҳудудий идорасига муддатларни узайтириш тўғрисида ёзма равишда ариза ва кўрсатилган сабабларни тасдиқлайдиган ҳужжатлар билан мурожаат этиш зарур.

Вақтинчалик яшаш учун рухсатнома, ариза қабул қилинган кундан бошлаб олтмиш кундан кечиктирмай берилади. Вақтинча яшаш учун рухсатнома беришга рад жавоби бўлса, бу ҳақида тегишли хабарнома топширилади.

4. Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш

Вақтинчалик яшашга рухсатнома ёки яшаш гувоҳномаси олингандан сўнг, хорижий фуқаро 7 иш куни ичида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт. Яшаш жойи буйича рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги ариза ҳар бир шахс учун алоҳида 2 нусхада тузилади. 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги аризалари уларнинг номидан ота-онаси ёки қонуний вакиллари томонидан тақдим этилади. Рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги ариза билан бирга қуйидагилар топширилади:

а) шахсини тасдиқловчи ҳужжат; 
б) яшаш гувоҳномаси ёки вақтинчалик яшаш учун берилган рухсатнома; 
в) уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (шартнома, шахсий мулкка эга бўлиш тўғрисида гувоҳнома ёки бошқа ҳужжатлар) ва унинг ўрнатилган тартибда тасдиқланган нусхаси; 
г) давлат божини тўлаганлиги ҳақида ҳужжат.

Ҳужжатлар тўлиқ топширилмаса ёки уни тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилса, ҳужжатлар қайтариб берилади ва шахс рўйхатдан ўтказилмайди. Фуқаро, вақтинчалик яшаш учун берилган рухсатномада кўрсатилгандан ортиқ муддатга вақтинчалик рўйхатдан ўтказилмайди. Янги яшаш жойига вақтинча рўйхатдан ўтказиш, аввалги рўйхатдан ўтган жойидан қайддан чиқарилганидан сўнг амалга оширилади.

5. Яшаётганлигини тасдиқлаш тўғрисида хабар бериш

Россия Федерациясида вақтинча ёки доимий яшаётган хорижий фуқаро ҳар йили Россия ФМХ ҳудудий идорасига ўзининг шу ерда яшаётганлигини тасдиқловчи хабарнома тақдим этиши шарт.

Мазкур хабарномани, вақтинча ёки доимий яшовчи хорижий фуқаро яшашига рухсатнома олган кундан ёки аввалги хабарномани тақдим этган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг икки ой муддат ичида шахсан ўзи тақдим этади. Узрли сабаблар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлса, хабарнома кечиктириб топширилиши мумкин, лекин олти ойдан ошмаслиги лозим.

Хабарномага қуйидагилар илова этилади: даромадлар ҳақидаги маълумотнома, солиқ декларациясидан нусха ёки навбатдаги йил учун даромадлар миқдори ва манбаини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, агар икки ой муддатдан ўтиб кетса, узрли сабаблар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади.

Шуни ёдда тутиш лозим, хабарноманинг қабул қилинганлиги, ҳудудий ФМХ масъул ходими ёки федерал почта алоқаси хизмати ходими томонидан хабарномага ҳамда унинг хорижий фуқарода қоладиган, қирқиб бериладиган қисмига қўйилган имзоси билан тасдиқланади.

Агар қўшимча саволлар туғилса, турар жойигизга яқин бўлган Россия Федерал Миграция хизматининг ҳудудий идорасига мурожаат этишингиз мумкин.

Россияга доимий яшаш, 6 ойдан узоқ муддатга ўқиш ёки ишлашга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларида рўйхатдан ўтиш тавсия этилади.

Хорижий давлатларда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари паспортларини алмаштириш ёки йўқотиб қўйган паспорт ўрнига янгисини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг ушбу давлатдаги консуллик муассасасига мурожаат этадилар. Хорижга вақтинча яшаш ёки ишлаш учун борганларга эса паспортларини йўқотиб қўйганларида ёки паспортларининг амал қилиш муддати тугаганда консуллик муассасалари томонидан ўрнатиган тартибда Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилади.

Сизга нисбатан қонунбузарлик содир этилса, Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхоналарига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Chat