Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 61837 марта ўқилди

Туғилишни қайд этиш мажбурийлиги

Боланинг туғилишини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурий. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларга мувофиқ, туғилиш ота-она ёки боланинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилидан қатъи назар исталган ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиши мумкин.

Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой ичида берилиши лозим.

Муҳим: бир ойлик муддат ўтказиб юборилгани боланинг туғилишини қайд этмаслик учун асос бўлмайди.

Тиббиёт муассасаси орқали комплекс хизмат

Туғруқ тиббиёт муассасасида амалга оширилганда ходим боланинг туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотларни электрон тизимга киритади. Маълумотлар ФҲДЁнинг электрон архивига юборилиб, туғилиш комплекс давлат хизмати доирасида қайд этилади.

Комплекс хизматдан ташқари умумий тартибда мурожаат қилинганда қуйидагилар тақдим этилади:

  • бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома;
  • ота-онанинг паспортлари, ID-карталари ёки уларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлари;
  • никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;
  • зарур ҳолда оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ёки никоҳда бўлмаган онанинг аризаси.

Электрон ахборот тизимларида мавжуд маълумотларни фуқародан қайта талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Белгиланган муддатдан кеч қайд этиш

Бола 16 ёшга тўлмаган бўлса, кечикиб қайд этиш учун муддат ўтказиб юборилганининг сабаби кўрсатилган ариза берилади. Аризани:

  • ота-она ёки улардан бири;
  • ишончнома асосида манфаатдор шахс;
  • ота-онанинг ўрнини босувчи шахс;
  • васийлик ва ҳомийлик органи мансабдор шахси бериши мумкин.

Агар шахс 16 ёшдан катта бўлса ва тиббий маълумотнома мавжуд бўлса, туғилиш ота-онадан бири ҳамда шу шахснинг аризаси асосида қайд этилади. Тиббий маълумотнома мавжуд бўлмаган айрим ҳолларда туғилиш факти суд қарори билан белгиланади.

Алоҳида ҳолатлар

Ўлик туғилган боланинг туғилиши перинатал ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида қайд этилади. Агар бола туғилгандан кейин қисқа вақт яшаб вафот этган бўлса, туғилиш ва ўлим ҳақида алоҳида далолатнома ёзувлари тузилади.

Эътибор беринг: туғилишни ўз вақтида қайд этиш боланинг исми, фуқаролиги, тиббий хизмат, ижтимоий ҳимоя ва бошқа ҳуқуқларини амалга ошириш учун зарур.

Chat