Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 29647 марта ўқилди

Кимлар ишсиз деб ҳисобланади?

✅ "Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 44-моддасига кўра, 16 ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган, ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли шахслар (таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) ишсиз деб эътироф этилади.

Қандай ишлар мақбул келадиган иш ҳисобланади?

 "Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига кўра, дастлабки касбий тайёргарликни талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса биринчи марта иш қидираётган, касбга (мутахассисликка) эга бўлмаган шахсларнинг ёшга доир ва бошқа хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинчалик хусусиятга эга бўлган иш ушбу шахслар учун мақбул келадиган иш ҳисобланади.
Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун уларнинг касбий тайёргарлигига мос бўлган, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат стажи ва аввалги касби (мутахассислиги) бўйича иш тажрибаси инобатга олинадиган иш мақбул келадиган иш ҳисобланади.

Ишсизлик нафақаси кимларга тайинланади?

 Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.
Ишсизлик нафақасини тўлаш ишсиз шахснинг яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ишсизлик нафақасига солиқ солинмайди.
Ишсизлик нафақаси ишсиз деб тан олинган шахсга у маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ҳисобланади ва тўланади.
Ишсизлик нафақаси ўн икки ойлик давр ичида кўпи билан йигирма олти календарь ҳафта давомида тўланади.
Жорий ойда ишсизлик нафақасини тўлаш ўтган ой учун амалга оширилади.
Тўлиқ бўлмаган календарь ой учун ишсизлик нафақасини тўлаш чоғида ишсизлик нафақаси мазкур нафақа тўланиши керак бўлган ушбу календарь ойдаги кунлар сонининг тўлиқ календарь ойдаги кунлар сонига мутаносиб миқдорда тўланади.
Ишсизлик нафақасини олиш даврида ишсиз шахс касал бўлган тақдирда ишсизлик нафақасини ишсиз шахснинг қариндошлари (отаси, онаси, эри (хотини), вояга етган болалари) ёки белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома асосида ишсиз шахснинг бошқа ишончли шахслари томонидан олишга йўл қўйилади.
Ўз меҳнат стажини ҳужжат билан тасдиқлаш имкониятига эга бўлмаган шахсларга ишсизлик нафақасини тайинлаш чоғида уларга илгари ишламаганлар ва биринчи марта иш қидираётганлар сифатида қаралади.
Ишсизлик нафақасини олиш даврида ишсиз шахс иш қидириши ва ишга жойлаштиришга доир йўлланма (ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатнома) ёхуд касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малакасини оширишга йўлланма олиш учун икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилиши шарт.

Мен 2 йилдан бери мактабда қоровул лавозимида ишлаб келаман ва мактаб директори синглисининг турмуш ўртоғи бўламан. Ҳозирда мактаб директори қариндошлик алоқалари мавжудлиги сабабли мени ишдан бўшатмоқчи. Шу қанчалик асосли?

✅ Меҳнат кодексининг 121-моддасига кўра, ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

✅ Бу қоидадан истиснолар Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорида белгиланган.

Яқинда ишдан бўшадим лекин 2015-2019 йилларда меҳнат таътилига чиқмаганман. Фойдаланилмаган таътилларни олиш тартиби қандай?

✅ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексинин 234-моддасига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.

✅ Шунга асосан 2015-2019 йиллар мобайнидаги иш даврида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўланади.

3 ёшга тўлмаган боласи бор бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга ҳафтасига иш соати қанча?

✅ 3 ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) ҳафтасига 35 беш соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги белгиланади.

Chat