Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади

  • 27.02.2023
  • 589 марта ўқилди

"Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди

Қарорга мувофиқ, 2023 йилда: 

  • муҳтож шахслар замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан;
  • Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ва I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминланади.

2023 йил 1 сентябрдан ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлашда тиббий хулоса талаб қилинмайди.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланади, мансабдор шахслар қабулига навбатсиз киради.

2023 йил 1 майдан шифохоналарда даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилаётган шахсларга: 

  • боланинг ёнида бўлиш учун шароит яратилади;
  • мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва бепул овқат берилади.

Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари болани ногиронлиги бўлган шахс деб топганда уларга пенсия тайинлашда қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш бекор қилинади.

Юридик ёрдам” ахборот тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериш учун алоҳида мурожаат бўлими яратилади.

Мазкур ҳужжат Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган.
 

Chat