Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 303531 марта ўқилди

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали кам таъминланган оилаларга қандай  бепул ёки имтиёзли ёрдам кўрсатилади - Review.uz


Ижтимоий реестр нима?

Ижтимоий реестр — оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш, уларни тоифаларга ажратиш ҳамда ижтимоий хизматлар, нафақалар ва ёрдамларни манзилли тақдим этиш учун юритиладиган ягона ахборот тизими.

2026 йил 1 февралдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр жорий этилди.

Аввалги реестрлар орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олаётган, янги мезонларга мос оилалар қўшимча аризасиз Ижтимоий реестрга ўтказилди.

Оилалар қандай тоифаларга ажратилади?

Ижтимоий реестрга киритилган оилалар, жумладан, қуйидаги тоифаларга ажратилади:

Давлат таъминотидаги оила — аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган ҳамда ҳар бир аъзога тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оила.

Камбағал оила — даромади ва ижтимоий-иқтисодий ҳолати белгиланган мезонларга мувофиқ камбағал деб баҳоланган оила.

Камбағаллик чегарасидаги оила — ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган ёки оғир ҳаётий вазиятга тушган оила.

Оиланинг тоифаси давлат ахборот тизимларидаги маълумотлар, ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва зарур ҳолларда жойига чиққан ҳолда ўрганиш натижалари асосида белгиланади.

Реестрга киритилган оилалар қандай ёрдам олади?

Оиланинг тоифаси ва эҳтиёжидан келиб чиқиб:

  • болалар нафақаси;
  • моддий ёрдам;
  • ижтимоий хизматлар;
  • бандликка кўмаклашиш;
  • касбга ўқитиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;
  • таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги имтиёзлар;
  • индивидуал ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар режаси тақдим этилиши мумкин.

Оиланинг реестрга киритилиши барча нафақа ва имтиёзлар автоматик равишда берилишини англатмайди. Ҳар бир ёрдам тури бўйича алоҳида шарт ва мезонлар қўлланилади.

Реестрга қандай кириш мумкин?

Оилани Ижтимоий реестрга киритиш масаласи бўйича:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходимга;
  • Давлат хизматлари марказига;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари порталига;
  • «Ижтимоий карта» мобил иловасига мурожаат қилиш мумкин.

Оиланинг маълумотлари давлат органларининг ахборот тизимлари орқали автоматик текширилади. Зарур ҳолларда «маҳалла еттилиги» ва ижтимоий ходим оиланинг ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганади.

Қарордан норози бўлса нима қилиш керак?

Оилани реестрга киритиш, муайян тоифага ажратиш ёки реестрдан чиқариш ҳақидаги қарордан норози шахс туман ёки шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги апелляция кенгашига шикоят қилиши мумкин.

Шикоят, қоида тариқасида, келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида, алоҳида ҳолларда эса 30 кунгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Апелляция кенгаши қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

Chat