Ҳар бир инсон ўзининг самарали ва ижодий меҳнат қобилиятини тасарруф этиш ва қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланишнинг мутлақ ҳуқуқига эга.
Ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиб ёки меҳнат органларининг эркин воситачилигида, шунингдек, хусусий бандлик агентликлари хизматлари орқали иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга.
Талабаларга ишлашга рухсат бериш тақиқланмаган. Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигида ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Меҳнат кодексининг 118-моддасига кўра, 16 ёшга тўлган ҳар бир шахс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар 15 ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг “Олий таълим тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги 9-сонли буйруғи (рўйхат рақами №1222, 22. 02. 2003) 50-бандига мувофиқ кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўқишдан бўш вақтларида узи таҳсил олаётган олий ўқув юрти ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишлашлари мумкинлиги белгиланган.
18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади.
Вояга этмаган шахснинг меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки маънавиятига зарар этказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.