Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 89718 марта ўқилди

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - расмий хабарлар, тезкор янгиликлар,  таҳлилий-танқидий материаллар, қонун ҳужжатлари, фото ва видеорепортажлар


Ўртача ойлик даромад қандай ҳисобланади?

Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад — оиланинг белгиланган даврдаги жами даромадини оила аъзолари сонига ва ҳисоб-китоб давридаги ойлар сонига бўлиш орқали аниқланадиган миқдор.

Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик жами ўртача даромад:

  • оилани Ижтимоий реестрга киритиш учун мурожаат қилинган;
  • ёки оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати қайта ўрганилаётган

ойдан олдинги охирги уч ойдаги барча оила аъзоларининг жами даромадини оила аъзолари сонига ва учга бўлиш орқали ҳисобланади.

Масалан, 5 кишидан иборат оиланинг охирги уч ойдаги жами даромади 9 000 000 сўм бўлса:

9 000 000 ÷ 5 ÷ 3 = 600 000 сўм.

Бунда оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад 600 000 сўмни ташкил этади.

Оила таркибига кимлар киритилади?

Оила таркибига:

  • ФҲДЁ органида никоҳи қайд этилган эр-хотин ёки улардан бири;
  • улар билан бирга яшайдиган ва қарамоғида бўлган болалар;
  • васийликка ёки ҳомийликка олинган болалар;
  • ота-онаси билан бирга яшайдиган, никоҳи қайд этилмаган ва ўз оиласига эга бўлмаган 18 ёшдан катта фарзандлар киритилади.

Қуйидагилар оила таркибига киритилмайди:

  • тўлиқ давлат таъминотидаги болалар;
  • патронат тартибида тарбиялаш учун оилага қабул қилинган болалар;
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;
  • суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган шахслар;
  • расмий никоҳи бекор қилинмаган, аммо алимент тўлаш мажбурияти белгиланган эр ёки хотин.

Қайси даромадлар ҳисобга олинади?

Оиланинг жами даромадига, жумладан:

  • иш ҳақи ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;
  • мулкий даромадлар;
  • олинган алиментлар;
  • пул ўтказмалари, шу жумладан чет элдан келган маблағлар;
  • ҳақ тўланадиган жамоат ишларидан олинган даромад;
  • пенсиялар, нафақалар ва бошқа моддий тўловлар;
  • тадбиркорлик, ўзини ўзи банд қилиш ва норасмий бандлик бўйича ҳисобланадиган норматив даромадлар;
  • томорқа ва деҳқон хўжалигидан ҳисобланадиган даромад;
  • чорва моллари ва паррандалардан ҳисобланадиган норматив даромад;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа даромадлар киритилади.

Фуқаро томонидан тўланган алимент суммаси оиланинг жами даромадидан чиқариб ташланади.

Иш ҳақи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушлаб қолинишидан олдинги, яъни ҳисобланган тўлиқ суммада инобатга олинади.

Норматив даромад нима?

Норматив даромад — оила аъзосининг расмий даромади мавжуд бўлмаганда ёки айрим фаолият турлари билан шуғулланганда қонунчиликда белгиланган мезонлар асосида шартли равишда ҳисобланадиган даромад.

Норматив даромад:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар;
  • норасмий ишлаётган шахслар;
  • чет элда ишлаётган оила аъзолари;
  • томорқа ёки деҳқон хўжалигига эга шахслар;
  • чорва моллари ва паррандалари мавжуд бўлган оилалар учун ҳисобланиши мумкин.

Даромад нима учун ҳисобланади?

Ҳисобланган ўртача ойлик даромад оилани:

  • «давлат таъминотидаги оила»;
  • «камбағал оила»;
  • «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифаларидан бирига киритишда асосий мезонлардан бири ҳисобланади.

Даромад миқдори оилани реестрга киритишдаги ягона мезон эмас. Оиланинг мол-мулки, транспорт воситалари, бандлик ҳолати ва бошқа ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳам ўрганилади.

Chat