Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 143959 марта ўқилди

Болалар нафақаси муддатидан олдин тўхтатилиши мумкинми?

Нафақа ёки моддий ёрдам қачондан тўланади?

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам уни тайинлашни рад этиш учун асослар мавжуд бўлмаганда ариза кўриб чиқилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тайинланади.

Молиявий агент — болалар нафақаси ва моддий ёрдам маблағларини олувчининг банк ёки ижтимоий картасига ўтказувчи ташкилот.

Тўлов:

  • ариза берувчининг банк картасига;
  • ёки ижтимоий картасига

пул маблағларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам ҳар ойнинг 4-санасидан 27-санасига қадар тўланади.

Нафақа қанча муддат тўланади?

Тўлов муддати оиланинг Ижтимоий реестрдаги тоифасига боғлиқ:

  • «давлат таъминотидаги оила» ва «камбағал оила» тоифасидаги оилаларга — ушбу тоифадан чиққунига қадар;
  • «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасидаги оилаларга — мазкур тоифага киритилган ойдан кейинги 6 ой давомида.

Болалар нафақаси энг кичик ёки ягона бола 18 ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.

Боласиз, барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган оилалар ва якка-ёлғиз фуқароларга моддий ёрдам тайинланиши мумкин.

Бир оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдамни бир вақтнинг ўзида тўлашга йўл қўйилмайди.

Тўлов қачон қайта ҳисобланади?

Нафақа ёки моддий ёрдам автоматик равишда қайта ҳисобланади, агар:

  • оилада болалар сони ўзгарса;
  • бола туғилса ёки васийликка олинса;
  • болалардан бири вафот этса;
  • бола 3 ёшга ёки 18 ёшга тўлса;
  • оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромади ўзгарса;
  • оиланинг Ижтимоий реестрдаги тоифаси ўзгарса.

Янги миқдор ёки тўловни тўхтатиш, қоида тариқасида, ҳолат аниқланган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан қўлланилади.

Тўлов қачон тўхтатилади?

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

  • оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганда;
  • оила «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилганига 6 ой тўлганда;
  • оиланинг даромади ёки бошқа кўрсаткичлари белгиланган мезонларга мос келмай қолганда;
  • оиланинг энг кичик ёки ягона боласи 18 ёшга тўлганда;
  • оиланинг тўловни олиш ҳуқуқига таъсир қилувчи бошқа ҳолатлар аниқланганда.

Шунингдек, «камбағал оила» тоифасидаги меҳнатга лаёқатли, расмий банд бўлмаган оила аъзоси:

  • 6 ой давомида ишга жойлашмаса;
  • якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтмаса;
  • мақбул иш таклифини икки ёки ундан ортиқ марта рад этса, тўлов тўхтатилиши мумкин.

Қонунчиликда белгиланган айрим тоифадаги шахсларга мазкур бандлик талаби татбиқ этилмайди.

Ўзгаришлар ҳақида хабар бериш керакми?

Ариза берувчи:

  • оила таркиби ўзгарганда;
  • бола туғилганда ёки оила аъзоси вафот этганда;
  • яшаш жойи ўзгарганда;
  • даромад ёки мол-мулк ҳолати ўзгарганда;
  • нафақа миқдорига ёки уни олиш ҳуқуқига таъсир қилувчи бошқа ҳолатлар юзага келганда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ўз вақтида хабар бериши керак.

Нотўғри маълумот тақдим этилиши натижасида ортиқча тўланган маблағлар белгиланган тартибда қайтарилиши ёки кейинги тўловлардан ушлаб қолиниши мумкин.

Қонунчиликда назарда тутилмаган асослар бўйича нафақа ёки моддий ёрдамдан пул ушлаб қолишга йўл қўйилмайди.

Chat