Педагог ходимларнинг малакасини ошириш тўғридан-тўғри (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) ва билвосита (таълим дастурларисиз ўқитиш) шакллари бўйича ташкил этилади.
Педагог ходимларнинг малакасини ошириш қуйидаги кўринишларда амалга оширилади:
- асосий ишдан бўшаган ҳолда;
- асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усул);
- асосий ишдан бўшамаган ҳолда (масофавий таълим).
Асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усулда) малакани ошириш олий таълим муассасаси ва ҳудудий марказ базасида ўтказилади.
Асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усулда) малака ошириш курси умумий давомийлигининг 50 ёки 25 фоизи — ҳудудий марказда аудитория машғулотларига ажратилади. Курснинг қолган қисми амалий машғулотлар ўтказилишини назарда тутади. Амалий машғулотларни асосий иш жойида ўтказишга йўл қўйилади.
Амалий машғулотларнинг ҳар бир ўзлаштирилган модули бўйича тест синовлари, реферат топшириш, амалиёт бўйича ҳисобот ва шу кабилар шаклидаги назорат назарда тутилади.
Асосий ишдан бўшамаган ҳолда ўқитишнинг масофавий таълим шакли қўлланилади.
Педагог ходимларнинг малакасини ошириш давомийлиги уни ташкил этиш шаклларига ҳамда педагог ходимнинг касбий малака даражасини ва индивидуал касбий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда буюртмачи томонидан белгиланадиган талабларга боғлиқ ҳолда аниқланади.
Педагог ходимлар 5 йилда камида бир марта малака оширишлари шарт.
Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотларининг ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.