Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5467 марта ўқилди

Сотишга тайёрлаш.

Автомототранспорт савдо залига қўйилгунигача савдо олди тайёргарлигидан ўтиши керак.

Бундай тайёргарлик сотувчи ёки сотувчи билан тузилган шартнома асосида бундай талабни бажарувчи корхона амалга оширади. Сервис дафтарида ёки ўрнини босувчи ҳужжатда тайёргарлик тўғрисида белги қўяди. Ҳужжатда белги қайд этмасдан автомототранспортни сотиш мумкин эмас.

Сотувчи харидорга автомототранспортни сотишдан олдин тайёрлашга доир бажарилган ишлар сифати, бутланганлигини текшириш, кафолат мажбуриятлари билан танишишни таъминлайди.

Чет элда ишлаб чиқарилган автомототранспортдан фойдаланишга доир қўлланма давлат тилига қўшимча ҳақ ундирилмасдан таржима қилинади.

Танлашда малакали ёрдам кўрсатиш ва қўшимча хизматлар тақдим этиш.

Сотувчи автомототранспортни танлашда малакали ёрдам берилишини таъминлаши, харидорни сотувда бўлган русумлар ва моделлар билан таништириши керак.

Автомототранспорт савдо залида ёки намойиш учун қулай бўлган бошқа жойларда, харидор уни эркин кўриб чиқадиган қилиб жойлаштирилиши керак.

Сотувчи қўшимча товарлар сотилишини ташкил этиши ва қўшимча ҳақ тўлаш эвазига харидорга комплекс хизматлар (автомобилга қўшимча аксессуарлар, қурилмалар ва механизмлар ўрнатиш, автомобилларни сақлаш, ёнилғи қуйиш ва бошқалар) кўрсатиши мумкин.

Сотиб олинганда харидорга бериладиган ҳужжатлар.

Сотилган автомототранспорт учун сотувчи харидорга қуйидагиларни бериши керак:

  • сервис дафтарчаси;
  • фойдаланиш бўйича амалий қўлланма;
  • пул олинганлигини тасдиқловчи товар (касса) чеки ёки бошқа ҳужжат;
  • автомототранспорт комплексига кирувчи анжомлар тўплами, агар тўплам ишлаб чиқарувчи томонидан назарда тутилган бўлса;
  • Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатдан ўтказиш учун маълумотнома-счёт.

Номерли агрегат (двигатель, шассе, кузов, рама) сотилганда харидорга қуйидагилар берилади:

  • ишлаб чиқарувчи назарда тутган техник ҳужжат (баёни);
  • товар (касса) чеки ёки пул олинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
  • Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатдан ўтказиш учун маълумотнома-счёт.

Ички ишлар вазирлиги автомототранспорт сотувчи корхонани ҳимояланганлик даражасига эга бўлган маълумотнома-счёт бланкалари билан таъминлайди ва сарфланишини назорат қилади.

Рад этиш, кафолат муддати.

Ҳақи тўланган автомототранспортни олишни харидор рад этганда тўланган сумма қайтарилади.

Автомототранспортга ишлаб чиқарувчининг кафолатномаси норматив-техник ҳужжатларда белгиланган муддат давомида ёки муайян километр юрилиши мобайнида амал қилади.

Кафолат муддати автомототранспорт харидорга сотилган кундан бошланади.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш тартиби.

Кафолат муддати даврида сотилган автомототранспортда сотувчи қайд этмаган камчиликлар ва ишлаб чиқаришдаги яширин нуқсон аниқланганда харидор танлови бўйича қуйидагилардан бири амалга оширилади:

  • ўхшаш русумдаги янги автомототранспорт билан алмаштирилади;
  • харид нархи қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳолда бошқа русумдаги автомототранспорт билан алмаштирилади;
  • камчиликлар текин бартараф этилади;
  • камчиликларни бартараф этиш харажатлари тўланади;
  • харид нархи тегишлича камайтирилиши керак (автомобиллар бундан мустасно).

Кафолат муддатида автомобилни алмаштириш, кузов ёки камида 2 та агрегатни алмаштириш зарур бўлганда, эксперт комиссияси қарорига кўра амалга оширилади.

Харидор зарарлар тўланган ҳолда олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳақлидир (автомобиллар бундан мустасно). Кўрсатиб ўтилган талаблар автомототранспорт сотувчисига қўйилади.

Сотувчи аниқланган камчиликларни текин бартараф этиш ёки бартараф этиш бўйича ўз харажатларини қоплаш, бошқа автомототранспорт воситасига алмаштириш тўғрисидаги талабни автомототранспорт эгаси ёки товарни ишлаб чиқарувчига берилиши мумкин.

Сотувчи, тайёрловчи автомототранспорт эгаси шахсий аризасини рўйхатдан ўтказган кун талаблар қўйилган муддат бошланадиган кун ҳисобланади.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддатлари.

Автомототранспортда аниқланган камчиликларни бартараф этиш қуйидаги (республика ташқарисидан келтириладиган зарур эҳтиёт қисмлар мавжуд бўлмаганда, уларни келтириш талаб қилинадиган вақтни ҳисобга олмасдан, бироқ 3 ойдан ортиқ бўлмаган) муддатларда амалга оширилади:

  • кўпи билан 10 кун — автомототранспорт эгаси камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тегишли талаб бергандан бошлаб ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан;
  • кўпи билан 20 кун камчиликларни бартараф этиш тўғрисида автомототранспорт эгаси тегишли талаб бергандан бошлаб савдо корхонаси (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан.

Кафолат муддати узайтириш.

Автомототранспортдаги камчиликлар бартараф этилганда ишлаб чиқарувчи завод белгилаган кафолат муддати транспортдан фойдаланилмаган вақтга узайтирилади.

Кўрсатиб ўтилган вақт автомототранспорт эгасининг камчиликларни бартараф этиш ҳақида талаб қилган кундан бошлаб ҳисобланади ва автомототранспорт тузатилгандан пайтдан бошлаб тамом бўлади.

Нуқсонли автомототранспортни алмаштириш.

Нуқсонли автомототранспортни сотувчи, ишлаб чиқарувчи алмаштиришни 7 кунда, сифатни қўшимча равишда текшириш зарур бўлганда эса автомототранспорт эгаси талаб берган кундан бошлаб 20 кунда амалга оширади.

Автомобилни алмаштириш муддати эксперт комиссияси қарори қабул қилинган санадан бошлаб ҳисобланади.

Шунга ўхшаш автомототранспорт бўлмаганда харидорнинг алмаштириш тўғрисидаги даъво берилган пайтдан 1 ойда қондирилиши керак.

Автомототранспортни алмаштиришда кафолат муддати автомототранспорт харидорга берилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Келишмовчиликни ҳал қилиш тартиби.

Камчилик пайдо бўлиш масаласида келишмовчилик бўлганда сотувчи, ишлаб чиқарувчи автомототранспорт эгаси мурожаат қилган жой бўйича эксперт комиссияси ташкил этади.

Комиссия таркибига тайёрловчи, сотувчи вакили ва автомототранспорт эгаси хоҳиши бўйича истеъмолчилар жамоатчилик ташкилоти вакили ёки бошқа шахс киради. Автомототранспорт эгаси экспертиза ўтказилишида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Комиссия камчилик (носозлик):

  • автомототранспортдан фойдаланиш бўйича завод йўриқномаси талабларига риоя этилмаганда, шу жумладан йўриқномада кўрсатилган фойдаланиш материалларини қўллаш талабларга риоя этилмаганда;
  • автомототранспорт авария натижасида шикастланиши, авария автомототранспортнинг техник носозлиги натижасида юз бермаса;
  • узеллар ва агрегатларни автомототранспорт эгаси автомототранспортни кафолатли тузатиш пунктига ёки завод вакилига жойида кўрсатмасдан қисмларга ажратса ёки тузатса;
  • автомототранспорт эгаси автомототранспорт конструкциясига ўзгартиришлар киритиши, конструкцияси автомототранспортни тайёрловчи завод билан келишилган қўл билан бошқариш деталлари намунавий комплектларини мустақил ўрнатишдан ташқари;
  • автомототранспорт эгаси ўз ташаббуси билан ёки ўз кучи билан стандарт узеллар ва деталларни қисмларга ажратилиши ва норматив-техник ҳужжатларда назарда тутилмаган бошқа узеллар ва деталлар монтаж қилиши;
  • ишлаб чиқарувчи заводнинг розилигисиз автомототранспортдан пойгаларда ёки мусобақаларда фойдаланиш натижасида;
  • носозлик автомототранспорт эгасининг эҳтиётсизлиги (совуққонлиги), нуқсонлар келиб чиқишининг олдини олиш учун зарур хатти-ҳаракатлар кўрмаганлиги оқибатида келиб чиққан дейиш учун етарлича асос бўлганда автомототранспорт эгасининг талабини кўриб чиқмаслиги мумкин.

Мазкур бандда санаб ўтилган сабаблар туфайли пайдо бўлган камчиликларни бартараф этиш умумий асосларда амалга оширилади.

Зарарни қоплаш.

Автомототранспортни тузатиш, нархини пасайтириш, алмаштириш учун келтириш ва уларни харидорга қайтаришни сотувчи, ишлаб чиқарувчи текин амалга оширади.

Ушбу мажбуриятлар бажарилмаганда сотувчи, ишлаб чиқарувчи товарни келтириш ва қайтариш билан боғлиқ харажатларни автомототранспорт эгасига тўлашга мажбур.

Экспертиза ўтказиш, автомототранспортни тузатиш, нархини пасайтириш, алмаштириш учун келтириш ва қайтариш билан боғлиқ харажатни, агар камчилик автомототранспорт эгасининг айби туфайли ёки енгиб бўлмайдиган куч оқибатида келиб чиққанлиги исбот қилинмаса, сотувчи, ишлаб чиқарувчи тўлайди.

Хизмат кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш.

Муддат ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун сотувчи, ишлаб чиқарувчи автомототранспорт эгасига автомототранспорт қийматининг 1% миқдорида неустойка тўлайди.

Носоз автомототранспорт воситаси ана шундай русумдаги автомототранспортга, бироқ ўзгартирилган нарх билан алмаштирилганда қиймати қайта ҳисобланмайди.

Бошқа моделга алмаштиришда - нарх ошганда - қийматни қайта ҳисоблаш алмаштириш кунида амалда бўлган нархдан келиб чиқиб амалга оширилади.

Носоз автомототранспорт қайтарилганда ва шу муносабат билан олди-сотди шартномаси бекор қилинганда автомототранспорт эгаси билан ҳисоб-китоб қуйидаги тартибда:

  • нарх ошганда — талаб қўйилган кунда ушбу транспортнинг қийматидан келиб чиқиб;
  • нарх пасайганда — харид кунидаги қийматдан келиб чиқиб амалга оширилади.

Автотранспорт воситасини сотиб олиш, олиб кириш ва расмийлаштириш тартиби билан ҳаволада танишинг.

Chat