Асосий тушунчалар:
йўловчи – ташиш хизматидан фойдаланувчи шахс;
ташувчи - мулк ҳуқуқида транспорт воситаларига эга бўлган, йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича хизмат кўрсатадиган тадбиркор;
йўналишсиз такси - таксометр кўрсаткичига кўра йўловчилар талабига биноан ҳақ эвазига хизмат кўрсатадиган транспорт воситаси;
йўналишли такси (маршрутка) - доимий йўналишларда йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаси (микроавтобус ва бошқалар);
автовокзал - йўловчиларга хизмат кўрсатадиган ташкилот;
метро - йўловчиларни электр поездларда ташиш учун мўлжалланган ер ости ва ер усти иншоотлари тизими.
Йўловчининг ҳуқуқлари
- транспортнинг ҳар қандай туридан фойдаланиш;
- бекатлардан фойдаланиш;
- 7 ёшгача бўлган болаларни бепул олиб юриш;
- вазни 20 кг.гача бўлган қўл юкини бепул олиб юриш;
- ҳақ эвазига багаж олиб юриш;
- диспетчерлардан йўловчи транспорти тўғрисида ахборот олиш.
Йўловчининг мажбуриятлари
- ташиш қоидаларига риоя этишга;
- йўл ҳақини тўлашга, чиптани манзилга етгунгача сақлаш ва назоратчига кўрсатишга;
- имтиёз берувчи ҳужжатни кўрсатишга;
- транспортдан фойдаланганда тозаликка риоя этиш ва мол-мулкни эҳтиёт қилишга.
Йўловчи тез ёнувчан, портловчи, заҳарли моддаларни, шунингдек ўқотар қурол ва тиғли ашёларни олиб юриши ман этилади.
Ташувчи – мулк ҳуқуқи асосида автотранспортга эга бўлган, йўловчи ва юк ташиш хизматини кўрсатувчи тадбиркор.
Ташувчининг вазифалари
- фуқароларнинг эҳтиёжини қондириш;
- йўловчи транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш;
- хизмат кўрсатиш сифатини ошириш;
- йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш.
Ташувчининг мажбурияти
- фаолиятни лицензия асосида олиб бориш;
- ташиш қоидаларига риоя этиш;
- йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш;
- ёнғин хавфсизлиги, санитария ва экология талабларини бажариш;
- фуқароларнинг айрим тоифаларини имтиёзли ташиш.
Ташувчи ўзбошимчалик билан йўналишдан четга чиқиши, ҳаракат жадвалини бузиши ва йўловчиларга ортиқча талаб қўйиши ман этилади.
Автобус (йўналишли такси) ҳайдовчилари йўловчи ташиётганда, қуйидагиларга эга бўлиши керак:
- йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома;
- лицензия карточкаси;
- йўналиш ҳужжатлари;
- йўл варақаси ва чипталарни ҳисобга олиш варақаси;
- автотранспортнинг техник кўрикдан ва ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақидаги қайдлар;
- қатнов жадвали ва йўналиш схемаси.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари
- тарифларни белгилаш;
- бекатлар ва диспетчерлик пунктларини жойлаштириш, қуриш ва ободонлаштириш;
- йўловчилар ташиш ишининг сифати устидан назорат қилиш.
Автотранспортнинг жўнаши (етиб келиши) кечикканлиги учун йўловчига тўланадиган жарима
- кечикканликнинг биринчи тўлиқ соати учун (60 дақиқа) чипта баҳосининг 10 фоизи миқдорида;
- кейинги ҳар бир 15 дақиқа учун чипта баҳосининг 3 фоизи миқдорида ҳисобланади.
Жарима умумий суммаси чипта баҳосининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Автобусда йўловчи учун тақиқланган ҳолатлар
- маст ҳолда юриш;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш;
- ҳайдовчи (кондуктор)нинг рухсатисиз ойналарни очиш;
- ойнадан ташқарига осилиш;
- ўлчами 100 см х 50 см х 30 смдан катта ёки оғирлиги 60 кгдан ортиқ буюмларни, шунингдек узунлиги 200 смдан ортиқ буюмларни олиб юриш;
- салонни ёки йўловчиларнинг кийимларини ифлос қилувчи буюмларларни олиб юриш;
- тумшуқбоғсиз итлар ва бошқа ҳайвонларни олиб юриш.
Ташувчига эътирозлар 6 ой ичида, жарималар тўлаш тўғрисида эса 45 кун ичида берилиши мумкин.
Кўрсатилган муддатлар қуйидагича ҳисобланади:
- багажнинг бузилганлиги, шикастланганлиги ёки камомади учун тўловлар тўғрисида – багаж берилган кундан;
- багаж йўқолганлиги учун зарарни қоплаш тўғрисида – багаж етказиб берилган муддатлар тугагандан 10 кундан кейин;
- қолган барча ҳолатларда – эътироз билдириш учун асос бўладиган воқеалар содир бўлган кундан.