Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 61482 марта ўқилди

Магистратурага қабул Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.         

  • Магистратурага қабул қилиш кириш синовлари натижаларига кўра, тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.
  • Магистратурага қабул тегишли таълим йўналиши ва турдош (магистратурага қабул бўйича) олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида амалга оширилади.
  • Бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга бўлган шахслар турдош таълим йўналишлари рўйхатидаги ихтисосликларнинг бирида танловда қатнашиш ҳуқуқига эгалар.
  • Магистратурага қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) амалга оширилиб, кириш синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилинади.
  • Қолган абитуриентлар баллар рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

Имтиҳонларни ташкил этиш

Танлов ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича магистрлик мутахассислиги, ўқитиш тили ва шаклига кўра алоҳида ўтказилади. Айрим магистратура мутахассисликлари бўйича ҳудудлар кесимида, шунингдек, кадрлар буюртмачилари кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган тақдирда, танлов ҳар бир ҳудуд, шунингдек, кадрлар буюртмачилари (олий таълим муассасаси) бўйича алоҳида ўтказилади.

Магистратурага киришда абитуриентлар (бакалавр даражасига эга бўлганлар, дипломли мутахассислар) олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

  • магистратура мутахассислиги кўрсатилган ҳолда, олий таълим муассасаси ректори номига ариза;
  • олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова;
  • чоп этилган илмий мақола ёки тезислари (ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлари) нусхаси (мавжуд бўлган ҳолда);
  • 3.5 x 4.5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
  • 086-У-шаклдаги тиббий маълумотнома;
  • қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқишга киришда имтиёз берувчи ҳужжатнинг асл нусхаси.

Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади. Ҳужжатлар тақдим этилиши жараёнида абитуриентлар паспорт ва ҳарбий хизматга алоқадорлик ҳақидаги ҳужжатларини шахсан кўрсатадилар.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этиш тақиқланади.

Синовларни ташкил этиш

Кириш синовлари (махсус тест синовлари) 3 — 15 август кунлари ўтказилади.

Кириш синовлари тегишли мутахассислик ўқитиладиган тилда ўтказилади.

Магистратурага кириш синови умумий баллари қуйидагилардан ташкил топади:

  • магистратурага киришда танлаган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказилади;
  • чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили) фани бўйича синов ўтказилади;
  • олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи аниқланади.

Халқаро тан олинган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида В2) ёки Давлат тест маркази томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасидаги сертификат тақдим этганларга чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди.

Магистратурага ўқишга киришда максимал тўпланиши мумкин бўлган балл250 ни ташкил этади.

Кириш синовлари (махсус тест синовлари)ни қайта топшириш ман этилади.

Магистратурага мутахассислик бўйича махсус фандан кириш синови учун белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганлар, шунингдек, белгиланган муддатларда кириш синовларига келмаганлар навбатдаги кириш синовига киритилмайди ҳамда магистратурага қабул қилинмайди.

Абитуриент синов натижасидан норози бўлган тақдирда, синов натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида синов ишини апелляция қилиш ҳақидаги ариза билан олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси ёки апелляция (норозилик) комиссияси раисига мурожаат этиши мумкин. Апелляция ҳақидаги аризани кўриб чиқиш муддати 2 кундан ошмаслиги лозим.

Имтиҳонсиз қабул қилинадиган шахслар
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари (Беруний, ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Ислом Каримов) совриндорлари;
  • Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари; 
  • "Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиблари.

Юқорида кўрсатилган талабалар ва бакалавр даражасига эга ёшлар олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари давлат гранти асосида қабул қилинадилар.

Ўқишга киришни расмийлаштириш
  • Олий таълим муассасаларида 25 августга қадар абитуриентлар давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақида ректор буйруғи расмийлаштирилади.
  • Абитуриентларни тўлов-контракт асосида магистратурага тавсия этиш тўғрисида Давлат комиссиясининг қарори қабул қилингандан кейин олий таълим муассасаси билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда контракт расмийлаштирилади.
  • Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш белгиланган маблағ миқдори 15 сентябрдан кечиктирилмай тўлангандан кейин амалга оширилади. Бунда 2 сентябрдан бошлаб ўқишга қатнашга рухсат берилади.
  • Тўлов ҳар йили контракт шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.


Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилсин.
2022 йил 1 сентябрга қадар давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг давлат олий таълим муассасалари кесимида рўйхатини шакллантирсин ҳамда 2022 йил 1 октябрга қадар контракт тўловларини қоплаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги берсин.

Chat