Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13159 марта ўқилди

Уй-жой қуриш учун ер участкалари аукцион орқали ажратилганида, ер участкалари қайси ҳудуддан берилади?

✅ Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш «E-IJRO AUKSION» ягона савдо майдончасида электрон аукционлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

✅ Ер участкалари фақат шаҳарсозлик ҳужжатлари (аҳоли пунктининг бош режаси ва аҳоли пункти тегишли қисмининг БРЛ) билан таъминланган аҳоли пунктлари ҳудудларида берилади (аукционга қўйилади).

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари аукцион орқали бериладими?

✅ Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкаларини тақдим этиш ҳоллари мустасно бўлган ҳолда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали берилади.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун фуқароларга ер участкалари бериш тартиби қандай?

✅ Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 55-моддасига кўра, оилали ва қишлоқ жойларда камида 3 йил мобайнида яшаб турган фуқароларга, шунингдек туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади.

✅ Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади.

✅ Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкасини олишга муҳтож бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимлигига оиласининг таркибини ва ер участкасининг мўлжалланган жойини кўрсатган ҳолда ариза беради.

 

Chat