Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 100622 марта ўқилди

Суд ҳокимиятининг ўрни

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинади.

Ўзбекистонда одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Бошқа давлат органлари, мансабдор шахслар ёки фуқаролар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олиши мумкин эмас.

Суд ҳокимияти:

  • қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан;
  • сиёсий партиялардан;
  • фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Судьялар муайян иш бўйича бирор давлат органи, мансабдор шахс ёки ташкилот олдида ҳисобдор эмас. Судьянинг одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Суднинг асосий вазифалари

«Судлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, судларнинг асосий вазифаси:

  • инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини;
  • давлат ва жамият манфаатларини;
  • юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишдан иборат.

Судлар фаолияти қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикасининг суд тизими

Амалдаги қонунчиликка кўра, суд тизими қуйидагилардан иборат:

  • Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
  • ҳарбий судлар;
  • Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
  • фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судлари;
  • жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари;
  • туманлараро иқтисодий судлар;
  • туманлараро маъмурий судлар.

Олий суд фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.

Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигига оид ишларни кўради.

Махсус ва фавқулодда судлар

2026 йил 25 июлдан Конституциявий қонун билан махсус ҳуқуқий режим ўрнатилган ҳудудда ихтисослаштирилган суд тузилиши мумкин. Бундай суднинг фаолияти алоҳида қоидалар билан тартибга солинади.

Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.

Судьялар мустақиллигининг кафолатлари

Судьялар мустақил бўлиб, фақат Конституция ва қонунларга бўйсунади. Уларнинг мустақиллиги:

  • судьяларни қонунда белгиланган тартибда сайлаш ва тайинлаш;
  • судьянинг дахлсизлиги;
  • одил судловни амалга оширишнинг белгиланган тартиби;
  • судьялар маслаҳатининг сир сақланиши;
  • судга ҳурматсизлик ва суд ишларига аралашганлик учун жавобгарлик;
  • судьяни давлат ҳисобидан муносиб моддий ва ижтимоий таъминлаш орқали кафолатланади.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, республика ҳудудида ижро этилиши шарт.

Судга электрон мурожаат қилиш

Судга даъво аризаси, ариза, шикоят ва бошқа ҳужжатларни My.sud.uz электрон суд хизматлари портали орқали юбориш мумкин. Судларнинг манзиллари ва алоқа маълумотлари Олий суднинг расмий сайтида жойлаштирилган.

Chat