Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5649 марта ўқилди

Ветеринария паспорти – бу ҳайвоннинг идентификация рақами, унинг эгаси, ҳайвонларнинг касалликларга қарши эмланганлиги, даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган ҳужжат.

Идентификация қилиш тартиби:

Ҳайвон эгалари ҳайвон туғилгандан маълум муддат ўтгач доимий яшаш жойидаги ветеринария хизматининг вакилига мурожаат қилиши лозим.

Ҳар бир ҳайвон турига бу муддат уларнинг туғилгандан кейин яшаб қолиши тенденциясини ҳисобга олган ҳолда алоҳида белгиланган. Масалан, қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари – 14 кунлигидан, қулунлар ва хўтиклар – 4 ойлигидан рўйхатга олинади.

Идентификация қилиш учун ҳайвонларни ветеринария бўлимларига олиб бориш керакми?

Ветеринария хизмати вакилининг ўзи ариза келиб тушгандан сўнг 3 кун ичида жойига бориб ҳайвонларни идентификация қилади (тўлов асосида). Ҳайвон эгасининг хоҳишига кўра, ит ва мушуклар ихтиёрий равишда ветеринария бўлимларига олиб борилиши мумкин.

Ҳайвонларни идентификация қилиш мажбурийми?

Қорамоллар, қўй ва эчкилар, чўчқалар, отлар, эшаклар ва туялар, итлар ва мушукларни идентификация қилиш шарт. Ушбу шартни бажармаслик ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш ҳисобланади ва тегишли жавобгарликка олиб келади.

Идентификация қилинган ҳайвонлар сотилса ва ҳадя этилса нима бўлади?

Ҳайвонни сотиб олган одам доимий яшаш жойидаги ветеринария хизмати орқали 7 кун ичида ҳайвонни ҳисобга қўйдиради. Бунда ҳайвон янгидан идентификация қилинмайди ёки янги паспорт берилмайди. Эски паспортига тегишли ёзув киритилади ва масъул ходим томонидан тасдиқланади.

Chat