Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9540 марта ўқилди

“Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–149-сон, 01.03.2022 й.)

  • Қарорга кўра, 2022 йил 1 июндан Россия Федерацияси, Туркия ҳамда Қозоғистоннинг тегишли ҳудудларида (12 та) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллик институти жорий қилинади.

2022 йил 1 майдан ҳар йилиҳоким ёрдамчилари ёзма тавсияномасига асосан:

  • боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” (дафтарлар)дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга яшовчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
  • Шунингдек, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “дафтарлар”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясинингмаблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам пуллари ва йўлланмалар беришда:

  • ёрдам пуллари ва йўлланмалар башарти меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар “Labor migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлса берилади;
  • талабгорлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига “Labor migration” дастурий мажмуаси орқали электрон мурожаат қилади.

Қарорга кўра, хорижда вақтинчалик ишлаётган ва таълим олаётган ўзбекистонлик ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Хориждаги ёшлар баланси” шакллантирилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар “Ёшлар портали” электрон платформасига киритиб борилади.


2022 йил 1 мартдан “дафтарлар”дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга ҳам 10 миллион сўмгача миқдорда бир йил муддатга миқроқарзлар берилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январгача қуйидагилар бўйича компенсациялар тўланади:

  • хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда –  БҲМнинг 3 баравари миқдорида;
  • йўл чиптасини харид қилиш бўйичаБҲМнинг 2 баравари миқдорида;
  • ишчи виза”ни расмийлаштириш бўйича – БҲМнинг 5 баравари миқдорида.
Chat