Кредит шартномаси бўйича бир томон – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (қарз берувчи) шартномада назарда тутилган миқдор ва шартлар бўйича бошқа томонга (қарз олувчига) маблағ (кредит) беришни ва қарз олувчи олинган пул миқдорини қайтариш ва унга фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
► Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак, унинг бир нусхаси қарз олувчига берилади.
Кредитнинг гаров таъминоти
- Гаров – бу қарздор ва кредитор (банк) ўртасидаги мажбуриятларни таъминлаш усули.
- Қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан бошқа кредиторларга қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига ҳақли.
- Гаров сифатида кўчмас мулк (уй, квартира, савдо дўкони), кўчар мулк (автомобиль, ускуналар) ва бошқа юқори ликвидли активлар (қимматли қоғозлар, заргарлик буюмлари) бўлиши мумкин.
- Гаровга қўйилган мулк асосий қарз қийматини қоплаши керак. Агар гаровга қўйилган мулк қиймати етарли бўлмаса, қўшимча гаров таъминоти тақдим этилади.
- Гаров закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқ гарови тарзида бўлиши мумкин.
- Гаровга қўйилган мол-мулк гаровга қўювчидан гаровга олувчи ихтиёрига бериладиган гаров – закалат деб эътироф этилади. Гаров нарсаси сифатида кўчмас мулк қўйилса ипотека ҳисобланади.
- Гаровга топширилган мол-мулк қарздорга ва бошқа шахсга тегишли бўлиши ҳам мумкин.
- Қарз олувчининг ягона турар жойи ҳисобланадиган уй-жой банклар томонидан гаров сифатида қабул қилинмайди, бундан ипотека кредити мустасно.
Кредитни қоплаш тартиби
Кредит бўйича ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзлар банк ва қарз олувчи томонидан имзоланган кредит шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ амалга оширилади.
Фоизларни тўлаш ва кредитни қайтариш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин:
- иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар ҳисобидан пул маблағларини пул кўчириш йўли билан ўтказиш;
- банк кассасига нақд пул маблағларини киритиш;
- маблағларни нақд пулсиз шаклда банкдаги омонатлар қўйилган ҳисобварақлардан ўтказиш;
- банк пластик карталаридан нақд пулсиз тўловлар;
- қарз олувчининг (қарздорларнинг) иш берувчиси томонидан пул маблағларини ўтказиш;
- қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан.
Қарз олувчилар тўловни муддатидан олдин тўлашга ҳақли.
Кредитни қайтармаслик оқибатлари
- Фоиз ва асосий қарзни тўлашнинг ҳар бир кечиктирилган куни учун банк пеня ҳисоблайди.
- Агар қарздор кредитни қайтариш мажбуриятларини бажармаса, банк қарздорга гаровга қўйиладиган мулкка мажбурий ундирувни қаратиш тартиби бошлангани ҳақида хабар беради.
Банклар филиаллари ҳақидаги маълумот билан ҳаволада танишинг.