Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 41055 марта ўқилди

Ижро ҳаракатлари амалга ошириладиган вақт

Ижро ҳаракатлари иш кунларида соат 8.00 дан 22.00 гача амалга оширилади.

Ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг аниқ вақтини давлат ижрочиси белгилайди.

Ижро иши юритишда қатнашувчи тарафлар ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг ўзлари учун қулай вақтини таклиф этишга ҳақлидирлар.

Ижро ҳаракатларини сутканинг бошқа вақтида, шунингдек дам олиш ва байрам кунларида амалга оширишга белгиланган тартибда фақат кечиктириб бўлмайдиган ёки қарздорнинг айбига кўра уларни бошқа вақтда амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолларда йўл қўйилади.

Қарздорликни мажбурий ундириш муддатлари

Ижро ҳаракатлари ихтиёрий ижро этиш муддати тугагандан бошлаб, 2 ой ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши керак. Ижро ҳужжатларининг қуйидаги талаблари дарҳол ижро этилади:

  • алиментлар ҳамда 3 ойгача бўлган иш ҳақини ундириш тўғрисидаги талаблар;
  • ғайриқонуний меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки бошқа ишга ўтказилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосини ўзгартириш тўғрисидаги талаблар;
  • ижро ҳужжатида назарда тутилган бошқа талаблар.

Ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари
  • умумий юрисдикция судларининг суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари уч йил мобайнида;
  • ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари — 6 ой мобайнида;
  • нотариусларнинг ижро хатлари — 3 йил мобайнида;
  • меҳнат низолари комиссияларининг гувоҳномалари — 3 ой мобайнида;
  • ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари — 3 ой мобайнида.

Ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати ижро ҳужжати ижрога топширилганда ёки ижро ҳужжати қарздор томонидан қисман ижро этилганда узилади.

Ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати узилгандан сўнг муддатнинг ўтиш даври янгидан бошланади. Муддат узилгунга қадар ўтган вақт янги муддат ҳисобига киритилмайди.

Ижро ҳужжати уни тўлиқ ёки қисман ижро этишнинг имконияти йўқлиги сабабли ундирувчига қайтарилган тақдирда, уни ижрога топшириш муддати узилгандан кейин ижро ҳужжати ундирувчига қайтарилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

Қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда ёки бедарак йўқолган, муомалага лаёқатсиз деб топилганда — қарздорнинг ҳуқуқий ворислари аниқлангунига, бедарак йўқолганнинг мол-мулки суд томонидан ҳомийлик ва васийлик органлари белгилаган ишончли бошқарувчига топширилгунига ёки муомалага лаёқатсиз қарздорга ҳомий тайинлангунига қадар;

қарздорнинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги иш бўйича иқтисодий суд томонидан иш юритиш қўзғатилганда, кузатувни жорий этиш тўғрисида суд санацияси ёки ташқи бошқарув таомилини жорий этиш ва (ёки) муддатини узайтириш тўғрисида иқтисодий суд томонидан ажрим қабул қилинганда — қарздорнинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги иш бўйича қарор қабул қилингунига қадар;

ундирувчи ёки қарздор муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганда, қарздор касал бўлиб қолганда, хизмат сафарида бўлганда ёки қарздор жисмоний шахс, унинг мол-мулки ёки олиб қўйилиши лозим бўлган бола қидирилаётганда, — муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилгунига ёки стационар даволаш муассасасидан чиққунига, хизмат сафаридан қайтгунига ёки қарздор жисмоний шахс, унинг мол-мулки ёки олиб қўйилиши лозим бўлган бола қидириб топилгунига қадар;

ижро ҳаракатлари, ижро ҳужжати ёки уни беришга асос бўлган ҳужжат юзасидан, шунингдек рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолаш натижалари юзасидан низолашилаётганда — масала мазмунан узил-кесил кўриб чиқилгунига қадар;

давлат ижрочисининг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят берилганда — шикоят кўриб чиқилгунига қадар;

медиация тартиб-таомили амалга оширилганда — 15 кундан кўп бўлмаган муддатга.

Ижро иши юритиш бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилиши мумкин.

Ижро иши юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин тикланади.

Мажбурий ижро иши юритишни тугатиш

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда суд томонидан тугатилади:

  • ундирувчи ёки қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда, бедарак йўқолган деб топилганда, агар суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг ҳужжатида қўйилган талаблар ёки мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ёки бедарак йўқолганнинг мол-мулкини ишончли бошқариб турган шахсга ўтиши мумкин бўлмаса;
  • муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатини ижро этиш имконияти йўқолганда.

Ижро иши юритиш қуйидаги ҳолларда давлат ижрочиси томонидан тугатилади:

  • ундирувчи ундирувдан воз кечганда, агар воз кечиш суд томонидан қабул қилинган бўлса;
  • ундирувчи ва қарздор ўртасида суд томонидан тасдиқланган келишув битими тузилганда;
  • ундирувчи ва қарздор ўртасида медиатив келишув тузилганда;
  • жарима тариқасидаги жиноий жазони бошқа жазо турига алмаштириш ёхуд жарима тариқасидаги жиноий жазодан амнистия актига асосан озод қилиш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилганда;
  • ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд қонунга кўра ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда.

Chat