Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11707 марта ўқилди

Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Суд ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги, давлат божини бюджетдан қайтариш ҳақидаги масалалар ҳал қилиниши мумкин.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Суд қуйидаги ҳолларда даъво аризасини кўрмасдан қолдиради:
  • фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд, ҳакамлик суди иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
  • ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига мурожаат қилиш имконияти бой берилмаган бўлса ва агар ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар низонинг мазмуни бўйича ўзининг биринчи аризасидан кечиктирмай низони ҳакамлик судининг ҳал қилувига ўтказиш тўғрисида илтимоснома берса;
  • даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
  • қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали ундириб олиниши керак бўлишига қарамай, даъвогар жавобгардан қарзини ундириб олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат этмаган бўлса;
  • даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса;
  • даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
  • медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;
  • тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;
  • даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;
  • юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса;
  • даъвогарнинг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан тақдим этилган даъводан даъвогар воз кечган бўлса;
  • жавобгарга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва жавобгарга нисбатан тақдим этилган талаб қонунга кўра банкротлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозим бўлса.

Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

Chat