Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7155 марта ўқилди

Иш юритишни тугатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

  • Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тугатади:
    • иш судга тааллуқли бўлмаса;
    • фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки чет давлат ваколатли судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд томонидан чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад этилган ҳоллар мустасно;
    • ҳакамлик судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий тарзда ижрога қаратиш юзасидан ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно;
    • ишда тараф ҳисобланган юридик шахс тугатилган бўлса;
    • ишда тараф ҳисобланган фуқаронинг ўлимидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;
    • даъвогар даъвосидан воз кечган ва суд уни қабул қилган бўлса;
    • келишув битими тузилиб, у суд томонидан тасдиқланган бўлса;
    • даъвогар жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, бунда шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган ва бундай тартибни қўллаш имконияти бой берилган бўлса;
    • тўпланган материаллар йўқотилган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш учун етарли бўлмаса.

Суд ажримда иш юритишни тугатиш асосларини кўрсатади, давлат божини бюджетдан қайтариш ва суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилади.

Ажримнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Иш юритиш тугатилган тақдирда айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

Chat