Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5814 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (451-сон, 16.08.2022 й.) билан Оилавий болалар уйлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

  • Низомга мувофиқ, оилавий болалар уйи туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ташкил этилади.
  • Болаларни оилавий тарбияга олиш истагида бўлганлар ҳокимликка ариза беради.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:
  • тиббиёт муассасасининг врачлик-маслаҳат комиссиясининг номзодлар соғлиғи тўғрисидаги хулосаси;
  • номзодларнинг тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсидан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат нусхаси.

Аризани топшириш вақтида номзодларнинг ўзи ва фарзандларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларининг асли кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикасининг никоҳдан ўтган, 35 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролари тутинган ота-оналар бўлиши мумкин.

Қуйидаги шахслар бундан мустасно:
  • а) оилавий болалар уйига қабул қилинаётган етим бўлмаган болалар билан яқин (бобо, буви, туғишган ёки ўгай ака, опа) қариндошлиги бўлганлар;
  • б) суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
  • в) ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
  • г) ўзларига юкланган мажбуриятларни зарур даражада бажармаганлик учун васийлик (ҳомийлик) мажбуриятидан четлаштирилганлар ёки шу сабаб билан оилага тарбия (патронат)га бериш бўйича шартномаси бир томонлама бекор қилинган шахслар;
  • д) агар фарзандликка олиш уларнинг айби билан суд томонидан бекор қилинган бўлса, собиқ фарзандликка олганлар;
  • е) қуйидаги касалликлардан бири мавжуд бўлган шахслар:
    • I, II, V гуруҳ диспансер ҳисобидаги барча жойлашинув шаклидаги сил касалликлари (фаол ва сурункали);
    • барча жойлашинувли ёмон сифатли онкологик касалликлар;
    • наркологик касалликлар (алкоголизм, наркомания, токсикомания);
    • ақли заифликнинг барча турлари;
    • таносил касалликларининг маиший йўл билан юқувчи турлари (захм, сўзак);
    • меҳнатга яроқлиликни инкор этувчи I ва II гуруҳ ногиронлигига олиб келувчи барча касалликлар ва жароҳатлар;
  • ж) «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган оилаларнинг аъзолари;
  • з) ҳаётга, соғлиққа қарши жиноятлар, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган жиноятлар, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши, шахснинг озодлигига, шаъни ва қадр-қимматига қарши (бундан туҳмат, ҳақорат қилиш мустасно), фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар ва бошқалар;
  • и) турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар.

  • Оилавий тарбиялаш учун туғилганидан бошлаб 18 ёшгача бўлган болалар берилади.

10 ёшга тўлган ва ундан юқори ёшдаги болаларни оилавий болалар уйига фақат уларнинг розилиги билан бериш мумкин.

  • Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун 3 ёшдан камида 3 нафар, лекин кўпи билан 5 нафар бола берилади.
  • Оилавий болалар уйидаги тарбияланувчиларнинг яшаш харажатлари Давлат бюджетидан қопланади.

Тутинган ота-оналарга ҳар бир тарбияланувчи боланинг яшаш харажатлари учун ҳар ойда 7 ёшгача болаларга БҲМнинг 5 баравари8-18 ёшдагилар учун БҲМнинг 7 баравари миқдорида пул ажратилади.

Chat