Фуқаролар йиғини фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли), кенгаши томонидан заруратга кўра, лекин ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Фуқаролар йиғини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман, шаҳар ҳудудий кенгашининг ёки ўн саккиз ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг камида учдан бир қисми ташаббуси билан чақирилиши мумкин.
Фуқаролар йиғинида ўтказилган санаси, ҳозир бўлган фуқаролар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган баённома юритилади. Фуқаролар йиғинининг баённомаси ва қарори фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ва масъул котиби томонидан имзоланади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) йўқлигида, фуқаролар йиғинининг баённомаси ва қарори раиснинг маслаҳатчиларидан бири ва масъул котиб томонидан имзоланади.
Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаган тақдирда, фуқаролар йиғини кенгаши фуқаролар вакилларининг йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Фуқаролар вакилларининг йиғилишига ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқароларнинг вакиллари юборилади. Вакиллик нормасини фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи тегишли комиссия белгилайди.
Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари ўз фаолиятларига доир масалалар бўйича маслаҳат овози билан иштирок этишга ҳақлидир.