Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 462 марта ўқилди

Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқ патент берилган тақдирдагина муҳофаза қилинади.

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига нисбатан қўйиладиган, патент олиш ҳуқуқини вужудга келтирадиган талаблар ҳамда ваколатли давлат органининг бундай ҳужжат бериш тартиби қонун билан белгилаб қўйилади.

  • Патент билан муҳофазаланган ихтиро, фойдали модель, саноат намунасидан ўз хоҳишича фойдаланишдаги алоҳида ҳуқуқ, шу жумладан муҳофазаланган ечимларни қўлланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш, патент билан муҳофазаланган технологик жараёнларни ўз ишлаб чиқаришида қўллаш, муҳофазаланган ечимга эга бўлган маҳсулотларни сотиш ёки сотишга таклиф этиш, тегишли маҳсулотларни четдан келтириш ҳуқуқи патент эгасига тегишлидир.

Патент эгасидан бошқа шахслар унинг рухсатисиз ихтиро, фойдали модель, саноат намунасидан фойдаланишга ҳақли эмас, бундай фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси ёки бошқа қонунга мувофиқ патент эгасининг ҳуқуқларини бузиш ҳисобланмайдиган ҳоллар бундан мустасно.

Патентланган ихтирони, фойдали модель ёки саноат намунасини қўлланган ҳолда маҳсулотни рухсатсиз тайёрлаш, қўлланиш, четдан олиб келиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўлланиш ёхуд ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усул воситасидагина тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаш патент эгаси алоҳида ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади.

  • Бошқача ҳолат исботлангунга қадар маҳсулот патентланган усул билан тайёрланган ҳисобланади.
  • Патент олиш ҳуқуқи, талабномани рўйхатдан ўтказишдан келиб чиқадиган ҳуқуқлар, патентга эгалик ҳуқуқи ва патентдан келиб чиқадиган ҳуқуқлар бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман берилиши мумкин.   

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига муаллифлик ҳуқуқи ва махсус ном бериш ҳуқуқи ихтиро, фойдали модель, саноат намунасининг муаллифига тегишлидир.

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа шахсий ҳуқуқлар патентга асосланган ҳуқуқлар юзага келган пайтдан эътиборан вужудга келади.

Chat