Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9430 марта ўқилди

  • Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка навбат тартибида чақириладилар.
  • Қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.

Қонун бўйича мерос олмайдиган шахслар
  • Фарзандликка олинганлар ва уларнинг авлодлари фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.
  • Фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.


Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.

биринчи навбатдаги ворислар
  • Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар;

иккинчи навбатдаги ворислар
  • мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда;

учинчи навбатдаги ворислар
  • мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда;

тўртинчи навбатдаги ворислар
  • мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари, бунда яқинроқ қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
  • Ворисликка чақириладиган тўртинчи навбатдаги ворислар тенг улушларда мерос оладилар.

бешинчи навбатдаги ворислар
  • мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари.


Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик ва мерос трансмиссияси

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик
  • Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.
  • Бола, невара, чевара, эвара меросхўрлигида тақдим қилиш ҳуқуқи қариндошлик даражаси чекланмаган ҳолда амал қилади, ён қариндошлик бўйича меросхўрликда тақдим қилиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг туғишган ака-укалари (опа-сингиллари) номидан унинг жиянлари ёхуд мерос қолдирувчининг туғишган амакиси (тоғаси) ёки аммаси (холаси) номидан унинг амакиваччалари (тоғаваччалари) ва аммаваччалари (холаваччалари) эга бўладилар.

Меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқининг ўтиши (мерос трансмиссияси)
  • Агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.
  • Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин.


Мерос олишда эрнинг (хотиннинг) ҳуқуқлари ва меҳнатга қобилиятсиз боқимлар

Мерос олишда эрнинг (хотиннинг) ҳуқуқлари
  • Васиятнома ёки қонун бўйича эрга (хотинга) тегишли бўлган ворислик ҳуқуқи унинг мерос қолдирувчи билан никоҳдаги ҳолатига боғлиқ бошқа мулкий ҳуқуқларига, шу жумладан никоҳда бўлиб, биргаликда орттирилган мол-мулкнинг муайян қисмига нисбатан бўлган мулк ҳуқуқига дахл қилмайди.

Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари
  • Мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида 1 йил унинг қарамоғида бўлган ва у билан биргаликда яшаган меҳнатга қобилиятсиз шахслар қонун бўйича меросхўрлар жумласига киради. Қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, меҳнатга қобилиятсиз боқимлар ворисликка чақирилаётган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.
  • Қонун бўйича меросхўрлар жумласига мансуб бўлган, бироқ ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари доирасига кирмайдиган меҳнатга қобилиятсиз шахслар, мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган-яшамаганликларидан қатъи назар, агар мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида 1 йил унинг қарамоғида турган бўлсалар, ана шу ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.
  • Қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, ворисликка чақириладиган шахсларнинг ҳаммаси биргаликда кўпи билан мероснинг тўртдан бир қисмини мерос қилиб оладилар.


Chat