Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9768 марта ўқилди

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома меросни қабул қилиб олган меросхўрларга қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш
  • Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.
  • Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.
  • Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

Гувоҳнома олиш учун нотариал идорага тақдим этиладиган ҳужжатлар
  1. Мерос қолдирувчининг ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма;
  2. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш (доимий прописка қилинган) жойи ҳақидаги ички ишлар органларининг маълумотномаси ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирма ёхуд уй дафтаридан кўчирма;
  3. Мерос таркибининг мерос қолдирувчига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  4. Меросхўрларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари (Ф.И.Ш. ўзгарган тақдирда) ёки далолатнома ёзувларидан кўчирмалар ёхуд қариндошлик муносабатларининг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжати;
  5. Меросхўрлар вафот этган тақдирда ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан кўчирма;
  6. Мерос қолдирувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси (ажрашганлик ҳақидаги гувоҳнома) ёки далолатнома ёзувидан кўчирма;
  7. Меросни қабул қилиш учун ишочнома (агар меросхўрнинг ўзи мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани олишда иштирок этаолмаса);
  8. Меросхўрлар мерос мулкидаги тегишли улушдан воз кечган тақдирданотариал тартибда тасдиқланган меросдан воз кечиш тўғрисида ариза;
  9. Ўзини мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб ҳисоблаётган шахс меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани берилишини сўраб мурожаат этса, мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти суд ҳужжати билан тасдиқланади;
  10. Ёши бўйича қарамоқда бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахслар учун;
    1. паспорт;
    2. туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
    3. пенсия гувоҳномаси.
  11. Бошқа ҳужжатлар (зарур бўлса).


Меросхўрнинг махсус ва имтиёзли ҳуқуқлари

Меросдан воз кечиш ҳуқуқи
  • Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли.
  • Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.
  • Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
  • Агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли.
  • Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъи назар, воз кечишга ҳақли.
  • Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.
  • Мазкур ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди.

Ҳозир бўлмаган меросхўрларнинг ҳуқуқлари
  • Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.
  • Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилгану, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан 3 ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар.
  • Агар ҳозир бўлмаган меросхўрнинг турган жойи мерос очилган кундан эътиборан 1 йил мобайнида аниқланмаса ва унинг меросдан воз кечиши тўғрисида маълумотлар бўлмаса, қолган меросхўрлар мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар.
  • Ҳомила бўлган, бироқ ҳали туғилмаган меросхўр бўлса, меросни тақсимлаш бундай меросхўр туғилганидан кейингина амалга оширилиши мумкин.
  • Агар ҳомила ҳолида бўлган, бироқ ҳали туғилмаган меросхўр тирик туғилса, қолган меросхўрлар унга тегишли бўлган мерос улушини ажратган ҳолдагина меросни тақсимлашни амалга оширишга ҳақлидирлар.

Меросхўрларнинг имтиёзли ҳуқуқи
  • Мерос очилгунга қадар 3 йил мобайнида мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни, шунингдек уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларини олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
  • Мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан умумий мулк бўлган мол-мулкни асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
  • Агар мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш натижасида меросни ҳосил қилувчи мол-мулк бошқа меросхўрларга тегишли улушларни бериш учун етарли бўлмаса, имтиёзли ҳуқуқни амалга ошираётган меросхўр уларга тегишли пул ёки мол-мулк товонини тўлаши лозим.


Мероснинг тақсимланиши ва харажатлар

Мероснинг тақсимланиши
  • Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли.
  • Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.
  • Ушбу қоидалар барча мерос ёки унинг бир қисми меросхўрларга улушларда муайян мол-мулк кўрсатилмасдан васият қилинган ҳолларда меросни васиятнома бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимлашга нисбатан қўлланилади.

Мерос ҳисобидан харажатлар
  • Мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим.
  • Мерос қолдирувчининг кредиторлари васиятномани ижро этувчига (меросни бошқарувчига) ёки меросхўрларга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақлидирлар. Бу ҳолда меросхўрларнинг ҳар бири ўзига теккан мол-мулкнинг қиймати доирасида солидар қарздорлар сифатида жавобгар бўладилар.


Chat