Ички ташувлар бўйича ташувчига талаблар 6 ой ичида қўйилиши мумкин, жарима тўлашга оид талаблар эса – 45 кун.
Кўрсатилган муддат ҳисоби:
- қўл юки, юк ёки почта камомадини ёхуд етказилган зарарни қоплаш, шунингдек қўл юки, юк ёки почта кечиктирилганлиги учун қўйиладиган талаблар бўйича — улар берилган кундан бошлаб;
- йўқотилган юк бадалини қоплаш ҳақидаги талаблар бўйича — юк етказиб бериш учун мўлжалланган муддатдан 10 кун ўтгач;
- йўқотилган қўл юки ёки почта бадалини қоплаш ҳақидаги талаблар бўйича — етказиб бериш муддати ўтгандан сўнг;
- бошқа барча ҳолларда — талаб қилиш учун асос бўла оладиган воқеа рўй берган кундан эътиборан бошланади.
Талаб қилиш муддати тугаганидан сўнг ҳам, агар ташувчи кўрсатилган сабаб узрли деб ҳисобласа, талабларни кўриб чиқиш учун қабул қилишга ҳақлидир.
Ташиш шартномаси ҳаво ташувчиси томонидан бузилганда тегишли далолатнома тузилади.
Талаб бевосита йўловчи томонидан қўйилади, унинг ўлими ёки соғлиғи ёмонлашганда – бошқа ваколатли шахс томонидан. Бунда ҳаво транспорти билан йўловчи ва багажни ташиш бўйича шартнома тузилганлиги ҳамда ташиш шартномаси бузилганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш лозим.