Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13496 марта ўқилди

Ҳакамлик судига қуйидаги ҳолатларда мурожаат қилиш мумкин:

  • ҳакамлик битимида назарда тутилган ҳолларда

    Ҳакамлик битими мавжуд бўлган тақдирда, низо ҳакамлик судининг ҳал қилувига топширилиши мумкин.

    Агар низо иқтисодий ёки фуқаролик судида кўриб чиқилётган бўлиб, ҳали ҳал қилув қарори чиқарилмаган бўлса,тарафлар ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар ҳакамлик битими тузишлари мумкин.

  • даъво ариза орқали мурожаат қилиш мумкин.

Ҳакамлик битими мазмуни
  • ҳакамлик битими ёзма шаклда тузилади. Ҳакамлик битими шартноманинг таркибий қисми бўлган шартнома шарти ёки алоҳида битим тарзида расмийлаштирилиши мумкин;
  • ҳакамлик битими, агар у ҳакамлик битими тарафлари томонидан имзоланган ҳужжатда ифодаланган бўлса ёки бундай битимни қайд этишни таъминловчи электрон ёхуд бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда хатлар ёки хабарлар алмашиш йўли билан тузилган бўлса, ёзма шаклда тузилган ҳисобланади;
  • ҳакамлик битимида ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёхуд айрим низолар ҳакамлик судида кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги қоида, шунингдек агар низо доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ҳал қилувига топшириладиган бўлса, мазкур ҳакамлик судининг номи кўрсатилиши лозим;
  • ҳакамлик битимида ҳакамлик судьяларининг сони, ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой ва тил, ҳакамлик муҳокамасининг қўлланиладиган қоидалари, низони кўриб чиқиш муддати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши мумкин.

Юқоридаги талабларга риоя этилмаган тақдирда, ҳакамлик битими ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Даъво аризаси мазмуни
  • даъво аризасининг санаси;
  • ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бўлган юридик шахсларнинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;
  • даъвогарнинг талаблари;
  • даъвогарнинг талабларига асос бўлган ҳолатлар;
  • даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;
  • даъвонинг баҳоси;
  • даъво аризасига илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак. Агар даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, даъво аризасига ишончнома ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.

Chat