Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 115809 марта ўқилди

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича имтиёзлар қуйидагича берилади:

жисмоний шахслар даромадларининг айрим турларини солиқ солишдан озод қилиш

Жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадларига солиқ солинмайди:

1)  моддий ёрдам суммалари:

  • вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган моддий ёрдам суммалари – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача миқдорда;
  • солиқ кодекснинг 377-моддасида кўрсатилган бошқа ҳолларда, – солиқ даври учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг – 4,22 бараваригача миқдорда;

2) солиқ агенти томонидан қуйидаги йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари, бундан туристик йўлланмалар мустасно:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қийматини ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан ушбу иш берувчида ишламайдиган ногиронлиги бўлган шахсларга тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек санаторий-курорт ҳамда соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг
    ўн олти ёшгача болалари (ўқийдиганларга – ўн саккиз ёшгача) учун йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари;

3) ўз ходимларига ҳамда уларнинг болаларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммалар, шунингдек иш берувчининг даволашга ҳамда тиббий хизмат кўрсатишга, ногиронлик профилактикаси ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини тиклашга доир техник воситаларни олишга оид харажатлари. Ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун иш берувчилар томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағлари бевосита ходимга, ходим йўқлигида эса – унинг оила аъзоларига, ота-онасига берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган тақдирда, бу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади;

4) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишлаш учун юборилиши муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган суммалар доирасида бюджет ташкилотларидан чет эл валютасида олинган иш ҳақи суммалари ва бошқа суммалар;

5) вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришдан олинган даромадлар, агар бундай ишларга ёллаш вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари кўмагида амалга оширилаётган бўлса; ва бошкалар.

даромад солиғи тўлашдан озод қилинган шахслар доирасини аниқлаш

Солиқ солишдан қуйидаги жисмоний шахслар озод қилинади:

  1. чет давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг бошлиқлари ва ходимлари, консуллик муассасаларининг мансабдор шахслари, уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаса – Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган, дипломатлик ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан ташқари барча даромадлари бўйича;
  2. чет давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг маъмурий-техник ходимлари ҳамда уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамаса, – Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган, дипломатлик ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан ташқари барча даромадлари бўйича;
  3. чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарига, консуллик муассасаларига хизмат кўрсатадиган ходимлар таркибига кирган шахслар, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшамаса – ўз хизмати юзасидан оладиган барча даромадлари бўйича; ва бошкалар.

даромад солиғи тўлашдан қисман озод қилинган шахслар доирасини аниқлаш

Қуйидаги солиқ тўловчилар қисман (даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) солиқ солишдан озод этилади:

  1. «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган шахслар, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган шахслар. Бу имтиёз тегишинча «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг маълумотномаси асосида берилади;
  2. уруш ногиронлари ва иштирокчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган ва доираси қонун ҳужжатларида белгиланадиган шахслар. Бу имтиёз уруш ногиронининг (иштирокчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (иштирокчиларга) ногироннинг (иштирокчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади ;
  3. болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади; ва бошкалар.


Аҳамият беринг!

  • Солиқ имтиёзлари тегишли ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда қўлланилади.
  • Солиқ имтиёзига бўлган ҳуқуқ календарь йил давомида вужудга келган тақдирда, солиқ имтиёзи унга бўлган ҳуқуқлар вужудга келган пайтдан эътиборан қўлланилади.
  • Агар солиқ тўловчи бир нечта асос бўйича солиқ имтиёзига доир ҳуқуққа эга бўлса, унга хоҳишига қараб фақат битта солиқ имтиёзи берилади.
  • Солиқ имтиёзини қўллаш солиқ тўловчининг асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи бўйича, асосий иш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда эса – яшаш жойидаги солиқ органлари томонидан жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқни ҳисоблаб чиқариш чоғида амалга оширилади. Солиқ имтиёзига бўлган ҳуқуқ йўқотилган тақдирда, солиқ тўловчи имтиёзга бўлган ҳуқуқни йўқотган пайтидан эътиборан ўн беш кун ичида бу ҳақда ундан солиқни ушлаб қоладиган юридик шахсга маълум қилиши керак.
Chat