Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4448 марта ўқилди

  • Қишлоқ жойларидаги намунавий арзон уй-жойлар қуриш тегишли пудратчилар томонидан амалга оширилади.
  • Қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи, 18 ёшга тўлган ва уй-жойга муҳтож фуқаролар қишлоқ жойларида қурилаётган намунавий арзон уй-жойларни қуришда иштирок этишлари мумкин.

Қуйидаги тоифадаги фуқаролар уй-жойга муҳтож деб эътироф қилинади
  • бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила;
  • кўп болали оилалар;
  • тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган оналар (оталар);
  • даромади юқори бўлмаган оила (бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,06 баравари миқдоригача тўғри келадиган оила);
  • таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи аъзоси бўлган оила;
  • уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв.метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлиги бўлганлар учун 23 кв.метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар
  • белгиланган намунадаги ариза;
  • паспорт нусхаси;
  • солиқ тўловчининг идентификация рақами нусхаси (СТИР);
  • оила аъзолари паспортлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси, фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари:
  • никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ бекор қилинганлиги ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);
  • доимий иш жойларидан берилган ариза берувчи ва у билан бирга яшаётган оила аъзоларининг охирги 12 ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларациялар нусхалари;
  • доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
  • доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
  • ижара ёки турар жойдан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки ер ресурслари ва давлат кадастри туман бўлинмаси маълумотнома нусхаси (ариза берувчининг мулк ҳуқуқи асосида турар жойи бўлмаган ҳолатда);
  • ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясидаги туманлараро (туман) тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси (оила аъзолари орасида 1-гуруҳ ногиронлиги мавжуд бўлган ҳолатда);
  • турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасанинг врачлик-маслаҳат комиссияси (ВМК) маълумотномаси ёки ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги ҳолатида – туманлараро (туман) ТМЭК маълумотномаси.

  • Комиссия томонидан аризага тақдим қилинган ҳужжатлар 10 кун ичида кўриб чиқилиб, фуқароларнинг уй-жойга муҳтожлиги ўрганилади.    
  • Тақдим қилинган ҳужжатлар асосида фуқаро уй-жойга муҳтож деб топилганда 1 иш куни мобайнида ёзма тавсия беради.
  • Ёзма тавсия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Комиссия рад этишнинг аниқ сабабларини ва ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда ариза берувчига 1 иш куни мобайнида ёзма билдиришнома юборади (топширади).
  • Ариза берувчи ёзма тавсия бериш рад этилишининг сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат ёзма тавсия бериш рад этилиши тўғрисидаги ёзма билдиришнома олинган кундан бошлаб 5 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
  • Ёзма тавсия бериш рад этилиши тўғрисидаги ёзма билдиришномада кўрсатилган муддат тамом бўлгандан кейин ариза берувчи томонидан берилган ариза кўриб чиқилмайди.     

Қуйидаги ҳолатларда фуқарога ёзма тавсия бериш рад этилади
  • ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда;
  • ҳужжатлар белгиланган охирги сана тугагандан кейин тақдим этилганда;
  • тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар мавжуд бўлганда;
  • фуқаронинг уй-жойни яхшилашга эҳтиёж йўқлиги аниқланганда;
  • илгари қишлоқ жойларда арзон уй ёки якка тартибдаги уй олган фуқаронинг ва/ёки унинг оила аъзолари (эри, хотини, ота-онаси, фарзандлари)нинг такрорий мурожаат қилганда.
  • ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом билан белгиланган тартибда ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларини бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидия тақдим этиш учун хабарнома олган тақдирда.

  • Фуқаролар томонидан ёзма тавсия олганларидан сўнг “Қишлоқ қурилиш инвест” тегишли ҳудудий филиалига тақдим этиши лозим.     
  • “Қишлоқ қурилиш инвест”нинг ҳудудий филиали ёзма тавсия берган фуқаро билан дастлабки шартномани тузади.
  • Дастлабки шартнома тузилганидан сўнг фуқаро банкка ипотека кредити ажратиш учун мурожаат қилишлари лозим.

Қурилган намунавий арзон уй-жойларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби
  • “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖнинг тегишли ҳудудий филиали қабул қилиш комиссиясига уй-жойни фойдаланиш учун қабул қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.
  • Комиссия томонидан қабул қилиш тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилади ва у тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқланади.
  • Муҳандислик-транспорт коммуникацияларига уланмаган, узлуксиз электр ва сув таъминоти йўлга қўйилмаган арзон уй-жойлар фойдаланишга қабул қилинмайди.
  • Қабул қилиш далолатномаси ва ҳокимнинг тегишли қарори асосида инжиниринг компанияси филиали билан пудратчи ўртасида қурилиши тугалланган арзон уй-жойни топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади.
  • Мазкур далолатнома тузилгандан сўнг қурилган уй-жой ёки арзон уй-жойлар “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖнинг тегишли ҳудудий филиали томонидан фуқарога топшириш-қабул қилиш далолатномаси бўйича берилади.
  • Уй-жой фуқарога берилгандан сўнг уни бир ой муддатда қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаши, шундан кейин банкка уй-жойга мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхасини тақдим этиши шарт.

Chat