Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 134094 марта ўқилди

Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг ФҲДЁ органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.        

  • Узрли сабаблар бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши — эмансипация) ФҲДЁ органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин.
  • Алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.
  • Никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда етарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.           
  • Ушбу хизматни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиб олиш мумкин.

Никоҳ ёши
  • Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган.
  • Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
  • Шунингдек, мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса Жиноят кодексига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар
  • лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;
  • насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
  • лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш
  • Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўриги уларнинг яшаш жойидаги психиатр врачлар, наркологлар, тери-таносил касалликлари врачлари, фтизиатрлар (диспансер ва туман кабинетлари) томонидан тиббий кўрик ўтказиш учун асос ҳисобланадиган ФҲДЁ органлари томонидан берилган йўлланма бўйича бепул ўтказилади.
  • Никоҳланувчи шахслар 50 ёшдан ошган бўлса, шунингдек алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) ушбу шахслар тиббий кўрикдан фақат уларнинг розилигига кўра ўтказилади.

Никоҳни қайд этиш жойи
  • Никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.
  • Алоҳида ҳолларда, истисно тариқасида (агар ота-онаси ва никоҳга кираётган ёшлар Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларида ёхуд унинг ташқарисида яшаб турган бўлсалар) никоҳланувчи шахсларнинг илтимоси ва отаси ёки онасининг ёзма аризасига кўра никоҳ ота-онасининг ёки улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органида ҳам қайд этилиши мумкин.

Озодликдан маҳрум этиш жойларидаги шахслар билан никоҳни қайд этиш
  • Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахслар билан никоҳни қайд этиш шу муассаса жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади.
  • Маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс, никоҳга кириш ҳақидаги аризанинг ўзига тааллуқли қисмини тўлдириб ўзи доимий яшаётган ёки жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органига топширади.
  • ФҲДЁ органи аризада келтирилган маълумотларни ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан солиштириб, маълумотларнинг тўғрилигини ва аризачининг имзосини тасдиқлайди ва унга аризани қайтаради.
  • Шундан сўнг маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс бу аризани маҳкумга бериши учун жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига топширади.
  • Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти аризани тегишли жойини тўлдириш учун маҳкумга тақдим этади. Маҳкум билан никоҳни қайд этиш ФҲДЁ органи билан келишилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан ажратилган бинода никоҳга кирувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади.

Никоҳни тантанали қайд этиш
  • ФҲДЁ органи никоҳни қайд этиш вақтини белгилаётганда никоҳдан ўтувчилардан уни тантанали вазиятда, шу жумладан жойига борган ҳолда ўтказилишига розилигини аниқлаши лозим. Тантанали равишда қайд қилиш ёки жойларга чиққан ҳолда қайд қилиш фақат никоҳ тузувчиларнинг хоҳишларига кўра жойига борган ҳолда ўтказилади. Никоҳланувчи шахсларнинг истакларига биноан никоҳ уларнинг қариндошлари ва танишлари иштирокида қайд этилади.

Никоҳ тузилганлиги ҳақида такрорий гувоҳнома ва маълумотномалар бериш
  • Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳномалар далолатнома ёзуви қайд этилган тегишли шахсларнинг ўзларига ёки ишончнома асосида бошқа шахсларга берилади.
  • Никоҳдан ажратилганда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома берилмайди. Зарур ҳолларда, никоҳланган ёки ажрашган шахсларнинг ота-оналари ва фарзандларига уларнинг аризаси асосида никоҳ тузилганлиги ёки никоҳдан ажралганлик қайд этилганлиги ҳақида маълумотнома берилади.
  • Чет элда яшовчи фуқаро томонидан берилган ҳамда чет тилида тузилган ишончнома белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган бўлиши лозим.

Никоҳни қайд этганлик учун давлат божи ундирилади.


Фойдали ҳаволалар

Никоҳни қайд этиш учун ФҲДЁ органига ариза юбориш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

ФҲДЁ органи қабулига ёзиши учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Chat