Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 144864 марта ўқилди

Кимларга Ўзбекистонга кириш визаси керак?

Кириш визаси — чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон ҳудудига кириш ва белгиланган муддат давомида мамлакатда бўлиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома.

Фуқароси бўлган давлат учун визасиз режим ёки Ўзбекистоннинг халқаро шартномасида бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, чет эл фуқароси Ўзбекистонга кириш учун тегишли визани олиши керак.

Визасиз бўлиш муддати давлатга қараб фарқ қилади. Белгиланган муддатдан кўпроқ қолиш зарур бўлса, сафар мақсадига мос виза расмийлаштирилади.

Виза қаерда расмийлаштирилади?

Кириш визалари:

  • Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасаларида;
  • Ўзбекистон консуллик муассасаси бўлмаган давлатларда — тегишли халқаро келишув мавжуд бўлса, бошқа давлатнинг консуллик муассасасида;
  • халқаро аэропортлардаги Ташқи ишлар вазирлиги бўлинмаларида;
  • электрон виза олиш ҳуқуқига эга давлатлар фуқаролари учун расмий электрон виза портали орқали расмийлаштирилиши мумкин.

Виза бериш учун қандай асос керак?

Виза сафар мақсади ва виза тоифасига қараб:

  • Ўзбекистондаги жисмоний ёки юридик шахснинг таклифномаси;
  • давлат органи, ташкилот, таълим ёки тиббиёт муассасасининг илтимосномаси;
  • меҳнат фаолияти ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
  • аккредитация ёки инвестицияни тасдиқловчи ҳужжат;
  • Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ўтилаётганини тасдиқловчи йўл ҳужжатлари

асосида берилади.

Тақдим этиладиган аниқ ҳужжатлар танланган виза тури ва мурожаат қилинаётган консуллик муассасаси талабларига қараб белгиланади.

Электрон виза қандай олинади?

Электрон виза олиш ҳуқуқига эга давлатлар фуқаролари Ўзбекистон консуллик муассасасига бормасдан расмий портал орқали ариза бериши мумкин.

Электрон виза Ўзбекистон ҳудудига 30 кунгача бир марталик, икки марталик ёки кўп марталик кириш учун расмийлаштирилади.

Консуллик йиғими:

  • бир марталик электрон виза учун — 20 АҚШ доллари;
  • икки марталик электрон виза учун — 35 АҚШ доллари;
  • кўп марталик электрон виза учун — 50 АҚШ доллари.

Виза муддати қандай узайтирилади?

Визани узайтириш — амал қилиш муддати янгиланган янги виза бериш орқали Ўзбекистонда қонуний бўлиш муддатини узайтириш.

Аккредитация қилинган дипломатлар, халқаро ташкилотлар, хорижий ваколатхоналар ва айрим бошқа тоифаларнинг визалари Ташқи ишлар вазирлиги томонидан узайтирилади.

Бошқа чет эл фуқароларининг визаларини узайтириш ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Виза муддати тугашини кутмасдан, олдиндан ваколатли органга мурожаат қилиш лозим.

Ўзбекистонга кириш қачон рад этилиши мумкин?

Чет эл фуқаросининг Ўзбекистонга кириши қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

  • миллий хавфсизлик ёки жамоат тартибини таъминлаш зарур бўлганда;
  • фуқаролар ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш талаб этилганда;
  • шахс террорчилик, экстремистик ёки бошқа жиноий ташкилотлар фаолиятига алоқадор бўлганда;
  • ўзи ҳақида қасддан нотўғри маълумот берганда ёки зарур ҳужжатларни тақдим этмаганда;
  • аввалги ташрифи давомида кириш, чиқиш, божхона, валюта ёки мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганда;
  • шахснинг касаллиги жамият хавфсизлиги ва саломатлигига хавф туғдирганда;
  • шахс Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган шахслар рўйхатига киритилганда;
  • унга нисбатан Ўзбекистонга киришни чеклаш тўғрисида қарор мавжуд бўлганда.

16 ёшга тўлмаган чет эл фуқаролари

Хорижий паспорт ёки биометрик ҳаракатланиш ҳужжатига эга, қонуний вакили ҳамроҳлигидаги 16 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ҳамроҳ шахс визасининг амал қилиш даврида, бироқ Ўзбекистонга кирган кундан бошлаб 90 кундан ошмаган муддатда визасиз кириши ва чиқиши мумкин.

Агар бола Ўзбекистонда турган даврда 16 ёшга тўлса, унга чиқиш визаси ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари томонидан расмийлаштирилади.

Chat