Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 23764 марта ўқилди

Овқатланиш учун қачон тўлов олинади?

Соғлиқни сақлаш тизимидаги тегишли стационар даволаш муассасаларида беморларга нонушта бепул берилади.

Куннинг қолган вақтидаги овқатланиш харажатлари, қоида тариқасида, беморнинг ўзи ёки унинг яқинлари томонидан қопланади. Бироқ қонунчиликда белгиланган айрим касалликларга чалинган беморлар ва имтиёзли тоифадаги шахслар овқатланиш учун тўловдан озод этилади.

Қайси касалликларда овқат бепул берилади?

Қуйидаги касалликлар ва ҳолатларда стационарда овқатланиш харажати бемордан ундирилмайди:

  1. ОИВ инфекцияси ва ОИТС;
  2. онкологик касалликлар;
  3. руҳий касалликлар;
  4. юқумли касалликлар;
  5. наркологик касалликлар;
  6. эндокрин касалликлар;
  7. нурланиш касаллиги;
  8. мохов;
  9. захм;
  10. сил касаллиги;
  11. реанимация ва интенсив даволаш талаб этувчи шошилинч ҳолатлар — тасдиқланган стационар даволаш муддати доирасида;
  12. ҳар қандай даражадаги камқонликка чалинган ҳомиладор ва туққан аёллар.

Кимлар тўловдан озод?

Касаллик туридан қатъи назар, қонунчиликда белгиланган қуйидаги шахслар ҳам овқатланиш учун тўловдан озод этилади:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга қараб турувчи ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари, қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда қатнашиб ногирон бўлган шахслар;
  • меҳнат фронти қатнашчилари;
  • байналмилалчи жангчилар;
  • ғирт етимлар;
  • ваколатли органларда ҳисобда турган ёлғиз пенсионерлар;
  • 18 ёшга тўлмаган болалар, шунингдек ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари;
  • мудофаа ишлари органларининг тегишли йўлланмаси бўйича тиббий текширувдан ўтаётган 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақирув ёшидаги шахслар;
  • «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар;
  • 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар;
  • Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга қараб турувчи ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар.

Эслатма: ушбу имтиёзлар бюджетдан ташқари ёки ўз маблағлари ҳисобидан фаолият кўрсатадиган пулли тиббиёт муассасалари, пулли бўлимлар ва палаталарга татбиқ этилмайди.

Chat