Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17777 марта ўқилди

Шартнома тузишдан олдинги ҳуқуқлар

Жисмоний ёки юридик шахс шартнома тузишдан олдин оператор ёки провайдердан қуйидаги маълумотларни олиш ҳуқуқига эга:

  • асосий ва қўшимча хизматлар рўйхати;
  • хизматлар нархи ва амалдаги тарифлар;
  • тармоққа уланиш усуллари;
  • уланиш ва хизмат кўрсатиш тартиби;
  • хизмат кўрсатиш қоидалари;
  • кафолатланган хизмат ва сифат даражаси;
  • абонент маълумотларини ҳимоя қилиш даражаси.

Абонентнинг асосий ҳуқуқлари

Абонент ва фойдаланувчи:

  • оператор билан шартнома тузиш;
  • белгиланган талабларга мувофиқ ўз қурилмасини тармоққа улаш;
  • ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатилишини талаб қилиш;
  • тариф ва шартномага мувофиқ хизматлардан фойдаланиш;
  • оператор шартнома шартларини бузса, хизматдан воз кечиш;
  • хизмат кўрсатилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган бўлса, зарарни қоплашни талаб қилиш;
  • ваколатли давлат органига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Телефон алоқаси абоненти ўз айбисиз алоқа бўлмаган давр учун тўловни қайта ҳисоблашни, аризасисиз уланган пуллик хизмат учун маблағни қайтаришни ва хизмат камчиликларини бепул бартараф этишни талаб қилиши мумкин.

Абонентнинг розилигисиз пуллик хизматни улаш ёки кўрсатилмаган хизмат учун тўлов ундириш тақиқланади.

Абонентнинг асосий мажбуриятлари

Абонент ва фойдаланувчи:

  • шартнома шартларига риоя қилиши;
  • хизматлар учун белгиланган муддатда ва тўлиқ ҳақ тўлаши;
  • қурилма, тармоқ ва дастурий таъминотдаги носозликлар ҳақида операторни хабардор қилиши;
  • абонент қурилмаларидан техник талабларга мувофиқ фойдаланиши;
  • телекоммуникациялар тармоғи ишига халақит берувчи ҳаракатларни содир этмаслиги;
  • операторнинг маълумотлар базаси ёки дастурий воситаларидан рухсатсиз фойдаланмаслиги;
  • компьютер вируслари ва тармоққа зарар етказувчи дастурларни тарқатмаслиги;
  • муаллифлик ва бошқа интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузмаслиги шарт.

Қонунчилик билан тарқатилиши тақиқланган, зўравонлик, терроризм, экстремизм, адоват ёки порнографияни тарғиб қилувчи ахборотни телекоммуникациялар тармоғи орқали тарқатишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, телефонлаштирилган турар жой сотилганда, алмаштирилганда, ижарага берилганда ёки абонентнинг фамилияси, манзили ва реквизитлари ўзгарганда шартнома бир ой ичида қайта расмийлаштирилиши ёки бекор қилиниши керак.

Ҳуқуқлар бузилганда мурожаат қилиш

Абонент дастлаб оператор ёки провайдерга ёзма, оғзаки ёхуд электрон шаклда шикоят бериши мумкин. Шикоят у келиб тушган куни рўйхатга олиниши шарт.

Масала ҳал этилмаса, абонент Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ваколатли орган ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

Мазкур тартиб Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидалари билан белгиланган.

Chat