Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 94932 марта ўқилди

Мактабга кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ходим ва бошқа шахслар ўз телефони овозини тўлиқ ўчириб қўйиши (телефонни «овозсиз» режимга ўтказиши) шарт.

Мактбаларда ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин ўқувчилар:

  • телефонини ўчириб қўйиши;
  • телефонини портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши шарт.

Ўқитувчилар ва бошқа ходимлар:

  • ўқув машғулотлари вақтида телефондан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас;
  • дарсдан ташқари вақтда таълим олувчилар иштирокида телефондан фойдаланишни имкони борича чеклашлари шарт.

Телефондан фойдаланиш тақиқланган ҳолатлар

Қуйидагилар қатъиян тақиқланади:

а) телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;

б ) телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига улаш;

в) телефони ёрдамида:

  • атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;
  • таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш.

г) ўқув машғулотлари вақтида:

  • телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;
  • телефонни стол устига қўйиш;
  • мусиқа, шу жумладан наушниклар орқали тинглаш;
  • сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш (ўйинлар билан шуғулланиш), тасвир (матн, расм, видеоёзув ва фотосуратлар) кўриш, диктофон, калькулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;
  • суратга олиш ва видео тасвирга тушириш;
  • телефон орқали бошқа хизматлардан (GPRS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар) фойдаланиш.

Телефонда фойдаланишга рухсат бериш
  • Ўқувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси, яқин қариндошлари, мактаб раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга (қўнғироқ қилишга, SМS, ММS, GPRS жўнатишга, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар хизматидан фойдаланишга) рухсат этилади.
  • Машғулотлар ва турли тадбирлар оралиғида телефон орқали сўзлашиш учун хонадан йўлакка ёки фойега чиқиш, паст овозда ва қисқа мулоқот қилиш зарур.
  • Фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш чекланмайди.

Тартибни бузганлик учун жавобгарлик

Ўқувчилар телефондан фойдаланиш тартибини бузганда қуйидаги таъсир кўрсатиш чоралари қўлланади:

  • огоҳлантириш;
  • уларнинг кундалик дафтарига ёзиб қўйиш;
  • ота-оналарини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилиш ёки тушунтириш суҳбати ўтказиш учун таълим муассасасига чақириш.

Талаблар бузилганда ҳар қандай педагог ходим ўқувчидан телефонни олиб қўйиш, билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга директорга ёки синф раҳбарига бериш ҳуқуқига эга. Бунда телефон фақат ўқувчининг ота-онасига қайтариб берилади.

Мактабларда телефоннинг сақланиши учун фақат унинг эгаси (ота-оналар) жавоб берадилар. Қоида бузилганлиги учун телефон олиб қўйилганда унинг сақланиши учун мактаб маъмурияти жавоб беради.

Chat