Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 105319 марта ўқилди

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириши ёки қайта тиклашда таълим йўналишларининг (мутахассисликларининг) номланиши бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари (мутахассисликлари) мос деб ҳисобланади.

  • Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.
  • Олий таълимнинг турдош таълим йўналишлари рўйхати таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Ваколатли ташкилотлар

Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш:

  • олий таълим муассасалари;
  • тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар;
  • таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорлари асосида амалга оширилади.

Ректор буйруғи асосида кўчириш ва қайта тиклаш

Бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлар бўйича ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Вазирлик қарори асосида кўчириш ва қайта тиклаш

Қуйидаги ҳолларда ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:

  • олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;
  • олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига.

Давлат комиссия қарори асосида кўчириш ва қайта тиклаш

Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш давлат комиссия қарори билан амалга оширилади:

  • хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон олий таълим муассасаларига;
  • бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик ёки идора ёхуд турли вазирликлар ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишларига ва истисно тариқасида мос бўлмаган мутахассисликларига.

Ўқишни кўчириш ва қайта тиклашни рад этиш

Қуйидаги ҳолатлар ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавоби берилишига асос бўлади:

  • хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;
  • республика олий таълим муассасаларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга;
  • олий таълим муассасаларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;
  • биринчи курснинг биринчи семестрига биринчи семестр тугалланмаган ҳолатда ўқишни кўчиришга (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар, ўқиган таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда кўчириб тиклаш ҳолатлари бундан мустасно);
  • олий таълим муассасасида мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
  • намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;
  • тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;
  • талабанинг шахсий йиғма жилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;
  • олий таълим муассасасига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклашда давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;
  • олий таълим муассасаси моддий-техника базасининг имконияти чекланганда;
  • мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига, бошқа олий таълим муассасасига;
  • кечки (сменали) таълимдан сиртқи (махус сиртқи) таълимга кечки (сменали) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига;
  • сиртқи (махус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига;
  • бир таълим шаклидан махсус сиртқи таълим шаклига ҳамда махсус сиртқи таълим шаклидан бошқа таълим шаклига;
  • талаба Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниб қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган ёки таҳсил олаётган бўлса (мазкур қўшма дастурнинг ўзи бундан мустасно);  
  • қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.

Ўқишни кўчириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш

Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш қуйидагича амалга оширилади:

  • ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилади;
  • аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссия томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади.

Талабалар ўқишини кўчириш қуйидаги сабаблар бўлганда баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда:

  • ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар;
  • ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.

Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • ариза;
  • талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
  • паспортнинг нусхаси.

Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.

Академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб талабага стипендия тўланади.

Ўқишга қайта тиклаш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш

Ўқишни қайта тиклаш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бир йилда 2 марта амалга оширилади:

  • ўқишини кузги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар;
  • ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 15 январдан 25 январга қадар давом этади.

Қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилиш:

  • кузги семестрга қайта тиклаш учун — ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар;
  • баҳорги семестрга қайта тиклаш учун — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.

Талабалар сафидан четлаштирилган фуқаролар ўқишини бошқа олий таълим муассасасига мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги)га кўчириб тиклаш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга. Бунда аризага ўқишни кўчириш тартибидаги ҳужжатлар тақдим этилади.

Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган шахслар, давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилган ва белгиланган муддатда қайтган талабалар истисно тариқасида ўқишга (муайян курсга) давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.

Ўқишдан четлаштирилган (курсдан қолдирилган) ўқув йилида курсига талабани ўқишга қайта тиклашга (кўчириб тиклашга) йўл қўйилмайди.

Талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишини кўчириб қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.

Талабаларни ўқишдан четлатиш

Талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

  1. ўз хоҳишига биноан;
  2. ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
  3. ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун;
  4. бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
  5. ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
  6. талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
  7. суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди);
  8. вафот этганлиги сабабли.
  • Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида ҳамда оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун талабага Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда академик таътил берилиши мумкин.

Академик қарздорлиги туфайли курсдан қолдирилган талаба тўлов-контракт асосида ўқишини қуйи курсдаги ўқув семестри бошидан бошлаши мумкин.

Белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаган (академик қарздор бўлган) талаба олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан курсдан қолдирилади.

Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

Chat