Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 39545 марта ўқилди

Талабаларга академик таътил қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:

  • ҳарбий хизматни ўташ учун;
  • саломатлигини тиклаш учун;
  • ҳомиладорлик ва туғиш учун;
  • болаларни парвариш қилиш учун;
  • оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун.

Олий таълим муассасалари талабаларига тиббий кўрсатмалар бўйича академик таътил беришга оид касалликлар рўйхати

Академик таътил муддати

Академик таътил ўқув йилининг ҳар қандай қисмида, қуйидаги муддатларга берилади:

  • ҳарбий хизматни ўташ учун — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига;
  • ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш учун — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига;
  • саломатлигини тиклаш ҳамда оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун — кейинги йилнинг талаба томонидан тўлиқ ўзлаштирилмаган семестри бошлангунига қадар бўлган муддатга. Бунда, қайд этилган муддатлардан бири талабанинг аризасига мувофиқ олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан белгиланади.

Академик таътил бериш

Академик таътил олиш учун талаба (соғлиғи ҳолатига кўра талаба шахсан мурожаат этиш имкониятига эга бўлмаса, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки турмуш ўртоғи) томонидан олий таълим муассасаси ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилинади.

Академик таътил олишни сўраб мурожаат қилган талабанинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • ҳарбий хизматни ўташ учун — тегишли туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларининг талабани ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги чақирув қоғози;
  • саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш учун — талаба доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси;
  • оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун — оиласининг бетоб аъзоси доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси.

Академик таътилдан қайтиш тартиби
  1. Талаба академик таътилга чиққан кундан бошлаб бир ой ўтмаган бўлса, академик таътилни бекор қилиш ва ўқишга қайтишни сўраб олий таълим муассасасига ариза билан мурожаат этишга ҳақли.
  2. Талаба академик таътилнинг муддати тамом бўлгандан сўнг ўқишга қайтиш бўйича олий таълим муассасасининг ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилиши шарт.
  3. Талаба академик таътилдан белгиланган муддат тамом бўлгандан сўнг ўқишга қайтиш бўйича олий таълим муассасасининг ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилган тақдирда унинг аризасини асоссиз равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Ушбу ҳолат бўйича масъулият шахсан олий таълим муассасаси ректори (директори) зиммасига юкланади.
  4. Ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш учун академик таътилда бўлган талабалар камида кейинги ўқув йилининг талаба томонидан тўлиқ ўзлаштирилмаган семестри бошланиши муддатига ўқишга қайтиши мумкин.
  5. Академик таътилдан қайтиш бўйича талабанинг мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади ва унинг олий таълим муассасасига ўқишга қайтиши тўғрисида олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи расмийлаштирилади. Ушбу буйруқда талаба академик таътилдан қайтгандан сўнг ўқийдиган бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), ўқув курси ва гуруҳи кўрсатилади.

Chat