Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 49286 марта ўқилди

Мусиқа ва санъат мактабларидаги таълим йўналишлари

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантиришга қаратилган давлат таълим муассасалари ҳисобланади.

Мактабларда қуйидаги асосий йўналишлар мавжуд:

мусиқа — чолғу ижрочилиги, вокал санъати ва халқ ижодиёти;

санъат — хореография, тасвирий санъат, амалий санъат, дизайн ва актёрлик санъати.

Ўқувчи ўз қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб бир ёки иккита мутахассислик бўйича якка тартибда ёки гуруҳда таълим олиши мумкин. Таълим олиш тўлов асосида амалга оширилади, тўлов миқдори ва ундан озод этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Мутахассислик — муайян таълим йўналиши доирасида ўқувчи чуқур ўрганадиган ижодий фаолият тури.

Қабул ёши ва ўқиш муддати

2026 йилдан болаларни 1-синфга қабул қилиш ёши мутахассисликка қараб белгиланади.

7–10 ёшда қабул қилиниб, 7 йил ўқитилади:

— фортепиано ижрочилиги;

— скрипка, альт, виолончель ва контрабас каби торли чолғулар;

— эстрада йўналишидаги фортепиано ва торли чолғулар.

Бошқа мусиқа мутахассисликлари, жумладан халқ, дамли ва зарбли чолғулар, анъанавий ижрочилик, вокал, бахшичилик ва фольклор, шунингдек хореография, тасвирий ва амалий санъат, дизайн ҳамда актёрлик санъати йўналишларига болалар, қоида тариқасида, 7–12 ёшда қабул қилинади ва ўқиш муддати 5 йилни ташкил этади.

Ҳужжат топшириш

Қабул ишлари ҳар йили июнь–август ойларида ташкил этилади. Ўқувчилар Маданият вазирлиги томонидан белгиланадиган қабул квоталари доирасида қабул қилинади.

Ота-она ёки унинг ўрнини босувчи шахс 1 августдан 25 августгача қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

— таълим йўналиши ва танланган мутахассисликлар кўрсатилган ариза;

— боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;

— белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома;

3 × 4 см ўлчамдаги 2 та фотосурат.

Қабул квотаси — мактабнинг имконияти, кадрлар билан таъминланганлиги ва муайян йўналишларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб қабул қилиниши мумкин бўлган ўқувчилар сони.

Қабул синовлари

Қабул синовлари ҳар йили 31 августга қадар ўтказилади. Синовнинг асосий мақсади боланинг танланган йўналиш бўйича ижодий қобилиятини аниқлашдир. Синов бир марта топширилади ва уни қайта топширишга йўл қўйилмайди.

Синовда:

— мусиқа йўналишида — ритмни ҳис қилиш, қўшиқ айтиш, мусиқани эшитиш ва эслаб қолиш қобилияти;

— хореографияда — жисмоний мослик, эгилувчанлик, ритм ва мусиқани эшитиш;

— тасвирий, амалий санъат ва дизайнда — тасаввурдаги буюм ёки манзарани чизиш;

— актёрлик санъатида — шеър ёки монологни ифодали айтиш, овоз ва ҳаракатга тақлид қилиш қобилияти баҳоланади.

2-синф ва ундан юқори синфларга қабул қилинаётган ўқувчилар ижодий қобилият синовидан ташқари тегишли махсус фанлардан ҳам синов топширади. Масалан, мусиқа йўналишида мутахассислик ва сольфеджио, хореографияда классик рақс ва партер, тасвирий санъат ва дизайнда чизматасвир, рангтасвир ва композиция баҳоланади.

Натижалар ва апелляция

Жадвал бўйича қабул синовига келмаган бола учун қўшимча ёки қайта синов ўтказилмайди ва у ўқишга қабул қилинмайди.

Синов натижалари қабул синовлари якунланганидан кейин 3 кун ичида эълон қилинади.

Натижадан норози бўлган ҳолда ота-она натижа эълон қилинган кундан бошлаб 1 иш куни ичида апелляция шикояти бериши мумкин. Апелляция комиссияси шикоятни 1 кун ичида кўриб чиқиб, натижани ўзгаришсиз қолдириши ёки қайта баҳолаши мумкин.

Апелляция — қабул синови натижасини қайта кўриб чиқишни сўраб махсус комиссияга бериладиган шикоят.

Ўқишга қабул қилиш

Қабул комиссиясининг ижобий қарори асосида мактаб директори болани ўқишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқаради.

Қоида тариқасида, ўқув йили давомида янги ўқувчиларни қабул қилишга йўл қўйилмайди. Бошқа болалар мусиқа ва санъат мактабидан ўқиши кўчирилган ўқувчилар бундан мустасно.

Ўқишга қабул қилинган боланинг ота-онаси билан мактаб директори ўртасида ўқиш муддатига шартнома тузилади.

Chat